Жанубий ва Шимолий Америка, Шарқий Ўрта Ер денгизи, Жануби-Шарқий Осиё ва Ғарбий Тинч океани мамлакатларида таркибида болаларнинг ўлимига сабаб бўладиган заҳарли модда мавжуд аллергия ва йўтал сироплари топилди. Бу ҳақда Reuters Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига таяниб ёзмоқда.
Аввалроқ ЖССТ Гамбия, Индонезия ва Ўзбекистондаги 300 дан ортиқ боланинг ўлимини Ҳиндистон ва Индонезиянинг олтита фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сироплари билан боғлаган бўлса, энди гап Покистоннинг Pharmix Laboratories компанияси томонидан ишлаб чиқарилган сифатсиз сироплар ҳақида кетмоқда.
Маълум қилинишича, сироплар таркибида автомобиль двигателлари учун совитиш суви (антифриз) ишлаб чиқаришда қўлланадиган этилен гликол бирикмаси критик даражада юқори. Юқорида айтилган препаратдаги этилен гликол билан ифлосланиш даражаси 0,62 фоиздан 0,82 фоизгача, мумкин бўлган даража эса 0,10 фоиздан камроқ бўлиши керак.
Ноябрь ойида Pharmix Laboratories корхонасида ўтказилган режали текширув чоғида Alergo йўтал сиропи таркибида заҳарли модда аниқланган. Кейинги тестлар фармацевтика компаниясининг бир қатор бошқа дори воситаларида ҳам этилен гликол борлигини аниқлади. Pharmix Laboratories барча ичиладиган суюқ дори-дармонларни ишлаб чиқаришни тўхтатишга қаратилган.
ЖССТ маълумотларига кўра, заҳарли модда Alergo, Mucorid, Zinsell сироплари ва Emidon ва Ulkofin суспензияларининг 23 партиясида топилган.
“Ушбу сифатсиз дори-дармонлар хавфли ва улардан фойдаланиш, айниқса болаларда, жиддий акс таъсирга ёки ўлимга олиб келиши мумкин”, — деб огоҳлантирди ЖССТ.
Изоҳ (0)