Пойтахт ҳокимлиги “Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳар таркибида Янги Тошкент туманини ташкил этиш тўғрисида”ги Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйди.

Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги таклифи қабул қилиниб:
- Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегаралари ўзгартирилиши;
- Тошкент вилояти ҳудудидан 19 минг 729,41 гектар, шу жумладан, Юқори Чирчиқ туманидан 17 минг 323,31 гектар (шундан 11 минг 147,29 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари), Ўрта Чирчиқ туманидан 2 406,1 гектар (шундан 1 758,41 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдонлари Тошкент шаҳри таркибига ўтказилиши;
- Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри таркибига ўтказилган ер майдони, шунингдек, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Истиқбол”, “Дархон”, “Усмонобод”, “Навоий”, “Жалолтепа”, “Ободон”, “Гулистон”, “Баҳор”, “Хван Т.Г”, “Яшнобод”, “Уч чинор”, “Нурафшон”, “Миробод”, “Файзиобод”, “А.Яссавий”, “Балиқчи”, “Ёшлик”, “Тинчлик”, “Ийк-ота”, “Бирлик” МФЙ ҳудудлари ҳамда “Истиқлол”, “Гулобод”, “Ўзбекистон”, “Наврўз”, “Қорасув”, “Оқ овул”, “Маърифат”, “Жумабозор”, “Нурли йўл”, “Фаровон”, “Янги ҳаёт”, “Саховат”, “Қизилсой” МФЙ ҳудудларининг бир қисми ва Ўрта Чирчиқ туманидаги “Шоликор”, “Ўчоқли”, “Бунёдкор”, “Машъал” МФЙ ҳудудлари ҳамда “Мустақиллик”, “Гулобод”, “Янгитурмуш” МФЙ ҳудудларининг бир қисми ҳисобидан Тошкент шаҳри таркибида умумий ер майдони 19 минг 729,41 гектардан иборат бўлган Янги Тошкент тумани ташкил этилиши мумкин.
Белгиланишича, чегараси ўзгартирилаётган Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан, Ўрта Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманлари кенгашлари депутатлари халқ депутатлари Янги Тошкент туман кенгаши депутатлари ҳисобланади.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари таркибидан ўтказилаётган ерлар уларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган ҳолда ўтказилади. Мазкур ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартирилишига ёки бекор қилинишига қадар сақлаб қолинади.
Аввалроқ 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент шаҳри Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилиши тўғрисида хабар берилганди. 18 март куни Шавкат Мирзиёев “Янги Тошкент” лойиҳаси қурилишига тамал тошини қўйган.
Изоҳ (0)