Наманган вилоятида қалбаки дори воситаларини муомалага киритилишининг олди олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Янги Наманган туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Тадбирда фуқаро М.Ш. ўз уйида яширин цех ташкил этиб, “Пирацетам” дори воситасини қиммат нархларда ўтказиш мақсадида “Панавир” номи остида қайта қадоқлаб ишлаб чиқараётгани аниқланган. Текширув давомида 672 қути “Пирацетам”, 299 қути “Панавир” номи туширилган дори воситаси ҳамда 12 750 дона ёрлиқ ва 2 550 дона дори воситаси ўрови учун махсус қути ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уйда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех аниқлангани, Тошкентдаги дорихоналарда қалбаки дори сотилаётгани маълум бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)