Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида аёлларга шиша идиш улоқтириб, уларнинг юзи жароҳатланишига сабаб бўлган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
“Китоб туманининг ‘Гулистон’ маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Д. танишлари билан Шаҳрисабз шаҳридаги ‘Караван’ ошхонасида ўтирганида, Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Б.Ш. фуқаро Р.Д. ва унинг танишлари ўтирган ошхона столига келиб ўтирган. Туриб кетгач, бирор етарли сабабларсиз, ошхона столи томон ичимлик ичиш учун мўлжалланган шиша идишни отган. Натижада шиша идиш фуқаролар Р.Д. ва Қ.С.ларнинг юз ҳамда бўйин соҳасига келиб тегиши оқибатида тан жароҳати олиб, улар шифохонага тушган”, — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.
Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан фуқаро Б.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)