Тошкент шаҳрида бугун “26 июнь — Халқаро гиёҳванд моддаларни суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш” куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати томонидан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази берган маълумотга кўра, 2022 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар содир этгани учун 96 та ҳолатлар бўйича хорижий давлатларнинг 99 нафар фуқароси ҳибсга олинган. Жумладан, 12 нафар Афғонистон, 32 нафар Тожикистон, 25 нафар Қирғизистон, 14 нафар Қозоғистон, 8 нафар Россия, 5 нафар Туркия, 1 нафар Франция, 1 нафар АҚШ ва 1 нафар Беларусь фуқароларидир.
Улардан 539,3 кг гиёҳвандлик воситалари ва 1921 дона психотроп моддалар ҳамда 7928 дона кучли таъсир қилувчи дори препраратлари мусодара қилинган. Мисол учун:
- Январь ойида Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 3 нафар Тожикистон фуқароси ва икки нафар Юқори Чирчиқ туманида яшовчи шахслар қўлга олинган. Улардан 35 кг 542,9 гр. опий ва 28 кг 627,05 гр гашиш гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган. Мазкур ҳолат бўйича, яна бир нафар Туркия фуқароси гумондор сифатида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида қўлга олинган.
- Январь куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистон чегарасини айланма йўл билан кесиб ўтиб, Олмалиқдаги иккита яширин жойга 10 кг 701,5 гр гашиш гиёҳвандлик воситасини кўмган Тожикистон фуқароси қўлга олинган.
- Февраль ойида Россия фуқароси бошқарувида бўлган Тожикистон – Россия йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автомашина кўздан кечириш жараёнида автотранспорт воситасининг юк бўлимидаги музлатгич остига бешта махсус жиҳозланган жойда 232 дона полиетилен пакетларга қадоқланган умумий вазни 229 кг 719 гр героин гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, мусодора қилинган.
- Март ойида вақтинча Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи Афғонистон фуқароси қўлга олинган. Унинг вақтинчалик яшаш жойини кўздан кечириш жараёнида 2 чемоданда 14 дона катта лаган қатламига яширилган 13 кг 990 гр героин гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, мусодора қилинган.
- “Қора дори – 2022” тадбири давомида жами 1 082 та ҳолатда 5797 кв/м майдонда таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган ўсимликлар экиб етиштирилаётганлиги аниқланган. Шу билан бирга, 1496 кв/м майдондаги ёввойи тарзда ўсаётган наша ўсимликлари йўқ қилинган.
Изоҳ (0)