Қорақалпоғистонда тадбиркорлик субъектларидан олинадиган солиқлар 50 фоизга камайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Сенат ушбу ўзгариш кўзда тутилган қонунни маъқуллади.
1 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Ушбу қонун билан Солиқ кодексига Қорақалпоғистон тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғи 2028 йил 1 январга қадар 50 фоизга камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланмоқда, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ эса шаҳарлар ҳудудида фаолиятни амалга ошираётган шахслар учун 12 бараварга, туманлар даражасида 6 бараварга камайтирилмоқда ҳамда йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга Қорақалпоғистондаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) консуллик йиғимини ҳамда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун ундириладиган давлат божини тўлашдан 2027 йил 1-октябрга қадар озод қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур қонун Қорақалпоғистоннинг инвестициялар жалб этувчанлигини оширишга, тадбиркорликни ривожлантиришга, янги иш ўринларини яратишга, нодавлат таълим ташкилотларидаги таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)