Канн кинофестивалида саргузаштчи архитектор ҳақидаги фильмнинг бешинчи — охирги қисми “Индиана Жонс ва тақдир чархпалаги” картинасининг тақдимоти ўтказилди. Тақдимотдан сўнг Харрисон Форд ўзини бутун дунёга машҳур қилган Индиана Жонс роли билан хайрлашди.
Ижтимоий тармоқларда томошабинлар Харрисон Фордни олқишлаётгани, актёр бу ҳолатдан таъсирланиб, кўзёшларини тия олмагани акс этган видеолар тарқалди. Айтишларича, томошабинлар актёрни 5 дақиқа тинимсиз олқишлаган.
Бундан ташқари, тақдимотдан аввал Харрисон Фордга Канн кинофестивалининг “Олтин палма новдаси” мукофотини топширишган.
Харрисон Форд ўз нутқида фильмдаги ҳамкасбларига (режиссёр Жеймс Менголд, актриса Фиби Уоллер-Бридж, актёр Мадс Миккельсен) ва рафиқаси Калиста Флокхартга миннатдорлик билдирди.
“Айни пайтда жуда ҳаяжондаман. Менда сиз томоша қилишингиз керак бўлган фильм бор. Шунинг учун саҳнани тарк этаман ва сизларга яна бир бор миннатдорчилик билдираман”, — дейди актёр.
80 ёшли Форд “Индиана Жонс ва тақдир чархпалаги” (2023), “Индиана Жонс: Йўқотилган кема босқинчилари” (1981), ”Индиана Жонс ва ҳалокат ибодатхонаси” (1984), “Индиана Жонс ва сўнгги салиб юриши” (1989), “Индиана Жонс ва биллур бошчаноғи қироллиги” (2008) каби бешта фильмда бош ролни ижро этган.
Харрисон Форд Канн кинофестивалида Индиана Жонс роли билан хайрлашди. Томошабинлар уни олқишлаётганида актёрнинг кўзлари ёшланди (видео)
Мавзуга доир
×
Изоҳ (0)