Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж сафарига юбораётган фирмалардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқларда ҳаж сафарига юбориш тўғрисидаги рекламалар кўпаймоқда. Айрим фирмалар умра, зиёрат ёки бизнес виза билан ҳаж қилишни ваъда қилмоқда.
Маълум қилинишича, Саудия Арабистонида ҳаж амалларини бажариш учун сизда “Ҳаж-2023” визаси бўлиши шарт. Подшоҳлик томонидан белгиланган тартибга мувофиқ чет эл фуқаролари учун ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади.
“Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган, шундай экан, айримларнинг Ўзбекистон орқали ҳаж сафарига жўнатамиз, деган алдовларига учманг.
Улар фуқароларимизни бошқа давлатлар орқали ноқонуний тарзда олиб кетишга уринишмоқда. Бу эса қонуний асосга эга бўлмаган ва ҳаж ташкил этишга ваколати йўқ кимсаларнинг уринишидир. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, бу каби хатти-ҳаракатлар Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қатъий чора кўрилишига сабаб бўлади”, — дейилади баёнотда.
Изоҳ (0)