Ўзбекистонда бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, фуқаролар йиғини раиси лавозимига нисбатан қўлланилаётган оқсоқол тушунчаси олиб ташланмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 4 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида маълум қилинди.
Сенат мажлисида Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун муҳокама қилинди. Ҳужжатда фуқаролар йиғини раиси лавозимига нисбатан қўлланилаётган оқсоқол тушунчасидан воз кечиш банди ҳам илгари сурилган.
Сенат қўмитаси раиси Наримон Умаровнинг айтишича, республикада узоқ йиллардан бери маҳалла раислари оқсоқол деб номланиб келган. Бироқ ҳозирги вазият бошқача.
“Аваллари қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари лавозимига асосан ёши улуғ инсонлар номзоди илгари сурилган. Шу сабабли, соҳани тартибга солувчи қонунларга ҳам оқсоқол тушунчаси киритилган эди. Бироқ, ҳаммамизга маълумки, юртимизда хотин-қизлар ҳамда ёшларни жамият ва давлат ҳаётидаги иштироки тобора ортиб бормоқда. Натижада фуқаролар йиғини раиси лавозимларида кўплаб хотин-қизлар ва ёшлар фаолият юритиб келяпти. Бу эса фуқаролар раиси лавозимига нисбатан оқсоқол тушунчасининг қўлланилиши мантиқан нотўғри эканини кўрсатмоқда”, — деди сенатор.
Маълум қилинишича, мазкур қонун асосида бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, фуқаролар йиғини раиси лавозимига нисбатан қўлланилаётган оқсоқол тушунчаси чиқарилмоқда. Мажлисда сенаторлар қонунни бир овоздан маъқуллади.
Изоҳ (0)