АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага 325 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини юборади. Бу ҳақда Пентагон сайтида хабар берилди.
Янги пакет доирасида Қўшма Штатлар Украинани HIMARS ёппасига ўт очувчи реактив тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, танкка қарши АT-4 қуроллари, танкка қарши миналар, тўққиз миллиондан ортиқ патронлар, аниқ бошқариладиган авиация ўқлари ва бошқалар билан таъминлайди.
Вашингтон Киевга Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери 35 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатди, деб ёзади Associated Press.
Апрель ойи бошида АҚШ Украинага 2,6 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилганди. У Патриот ва NASAMS ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар, танкка қарши тизимлар, ҳаво мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, миномёт тизимлари ва бошқа қуролларни ўз ичига олган.
Аввалроқ Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Reuters агентлигига берган интервьюсида, агар Украина аҳолиси “кенг кўламли ҳужум”га учраса, Сеул Киевга қурол беришни бошлаши мумкинлигини айтганди. Бунга жавобан Россия собиқ президенти, амалдаги Хавфсизлик кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Дмитрий Медведев Жанубий Корея Украинага қурол етказиб берган тақдирда, Россия Шимолий Кореяни қуроллантириши билан таҳдид қилди.
Жанубий Корея Россия босқини бошланганидан кўп ўтмай Украинани қўллаб-қувватлашга киришган эди, бироқ ҳозирча у фақат гуманитар ва ноҳарбий ёрдам: дори-дармонлар, чодирлар, кўрпа-тўшаклар, ўқ ўтказмайдиган дубулға ва бошқа ҳимоя воситалари билан чекланмоқда.
Изоҳ (0)