Ўзбекистон Улан-Батор шаҳрида 18 ёшгача бўлган терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган Осиё ва Океания чемпионатида чемпионлик унвонини қўлга киритди.
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида 18 ёшгача бўлган терма жамоалари ўртасида Осиё ва Океания чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон U18 терма жамоаси бешта учрашувда бешта ғалабага эришиб, чемпионлик унвонини қўлга киритди.
Ўзбекистон ёшлари Туркманистон (5:0), Эрон (14:1), Мўғулистон (7:4), Таиланд (10:2) ва БАА (8:1) жамоаларини кетма кет мағлуб этди. Мерганлар ва тўпурарлар пойгасида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Жасурбек Рустамхонов пешқадамлик қилмоқда. Бешта учрашув натижасида у ўз ҳисобига 26 очко (14 гол ва 12 голли узатма)ни ёзди.
Терма жамоанинг бу иштироки Ўзбекистон хоккейи тарихидаги Халқаро Федерация (IIHF) томонидан ташкил этилган илк чемпионат бўлди. Ўзбекистон хоккей федерацияси учун яна бир янгилик содир бўлди. Ушбу халқаро чемпионатда ҳакамлик қилаётган Давид Прокофевдан кейин 19 ёшли Сергей Ермаков ҳам халқаро тоифадаги ҳакамга айланди.
Айнан Мўғулистонда бўлиб ўтаётган чемпионатда ИИҲФ ҳакамликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Жоэл Ханссон ЎХФ ҳакамлик бўлими бошлиғи Владислав Киселевга Сергейнинг лицензиясини топширди. Сергей Ермаков ҳам, худди Давид Прокофев каби, Владислав Киселев бошчилигидаги ЎХФ ҳакамлар мактабининг битирувчиси.
Изоҳ (0)