Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейини бориб кўрди.
Ўтган йили лицей учун янги бино барпо этилган. Бу ерда ижтимоий ва аниқ фанлар йўналишларида 200 дан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.
Давлат раҳбари шу ерда ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашди. Видеоалоқа орқали тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар вакиллари ҳам боғланди.
Учрашувда давлат раҳбари ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбийларни номма-ном ёдга олди. Бундай довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаган ота-оналарга, уларнинг умр йўлдошлари ва фарзандларига халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирди.
“Эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларимизни ҳалок бўлган. дейишга тил бормайди. Улар оиласи учун, Ватанимиз учун ҳамиша барҳаёт”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Қаҳрамон ўғлонлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш давлатимиз, жамиятимизнинг эътиборида бўлиб келмоқда. Марҳум ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланган. Уларга бағишлаб “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” деб номланган хотира китоби нашр этилган.
Президент қарори билан 2018 йилдан бошлаб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандларини олий таълим муассасаларига имтиёзли тавсиянома асосида ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунга қадар 278 нафар ўғил-қиз шу асосда олийгоҳларга кирган.
Давлат раҳбари ҳарбий хизматчилар оиласига эътибор ва ғамхўрлик ҳамиша давом эттирилишини таъкидлади. Шу мақсадда бугун “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.
Ҳозирги кунда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг 270 нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини оляпти. Энди, фармонга кўра, ҳар бир оила аъзоси учун пенсия миқдори 25 фоизга оширилади. Натижада ҳар бир оила аъзоси ўртача 2 миллион сўмдан пенсия олади.
Иккинчидан, вафот этган хизматчиларнинг оила аъзоларидан ҳозирда 82 нафарининг уй-жойи йўқ, уларнинг 21 нафари ижарада ва 61 нафари қариндошиникида яшайди. Бундан буён муҳтож оилаларга биринчи навбатда турар жой берилади ва имтиёзли ипотека кредити олиш имконияти яратилади. Оила аъзоларига ижара тўлови учун 1 миллион 800 минг сўмгача пул берилади. Бундан ташқари, ҳалок бўлган хизматчининг фарзандлари боғча, коллеж, техникум ва олийгоҳда бепул таълим-тарбия олади.
Учинчидан, оила аъзоси даромадининг солиқдан озод қилинадиган суммаси 2 баробар кўпаяди. Бу тартиб ходимнинг фарзандларига ҳам татбиқ этилади. Натижада марҳум хизматчининг оиласи рўзғорида ҳар ой ўртача 700 минг сўм қўшимча пул қолади.
Тўртинчидан, бундан буён ушбу тоифадаги хизматчининг оила аъзолари ҳарбий шифохоналарда бепул даволаниш ҳуқуқига эга бўлади ва навбатдан ташқари стационар тиббий ёрдам олади. Уларга дори-дармон ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилади, жарроҳлик харажатлари давлат ҳисобидан қопланади. Хизматчининг ота-онаси, турмуш ўртоғи ҳар йили санаторийда бепул даволанади, болалари оромгоҳларда соғломлаштирилади. Уларнинг ота-онаси учун йилига икки марта темирйўл ва ҳаво транспортида юриш бепул бўлади.
Бешинчидан, ҳалок бўлган хизматчилар оиласини ҳарбийлашган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оталиққа олиш амалиёти жорий этилади. Шу билан бирга, вилоят ҳокимликлари томонидан оғир аҳволдаги бундай оилаларга ҳар ой 400 минг сўм миқдорида нафақа бериб борилади.
Бундан буён, агар хизматчи ўз бурчини бажаришда ҳалок бўлган тақдирда, унинг оиласига иш ҳақини 150 баравари миқдорида бир йўла нафақа берилади. Яъни бу нафақа ўртача 300 миллион сўмдан 500 миллион сўмга оширилади. Ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта тўлови 25 миллион сўмдан 60 миллион сўмга кўпаяди.
Давлат раҳбари бундай мард инсонларни вояга етказган ота-оналари, фарзандлари доимо юртимиз ардоғида бўлиши зарурлигини таъкидлаб, “Эл-юрт фидойиси” кўкрак нишони таъсис этиш таклифини билдирди. Бу нишон гувоҳномаси Олий Бош қўмондон томонидан имзоланади. Ушбу эътироф эгалари барча имтиёзларга эга бўлади.
Бугун дунёнинг турли нуқталарида янги таҳдид ва қуролли тўқнашувлар юз бермоқда. Бундай таҳликали вазият халқимизни ҳам безовта қилиши табиийдир. Шу боис давлатимиз мустақиллигини, халқимиз тинчлигини ҳимоялашга катта аҳамият қаратилмоқда.
“Ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур”, — деди президент.
Ўтган йили ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш концепцияси қабул қилинди, “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракати ташкил этилди. Булар ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.
Давлат раҳбари ватан озодлиги йўлида фидойилик кўрсатган ўғлонларимиз жасорати ҳам ёш авлод учун ибрат экани, улар ҳақида асарлар яратиш кераклигини таъкидлади.
“Эзгу мақсад йўлида бирлашган халқ ва давлатни ҳеч қандай куч енголмайди. Илоҳим, қаҳрамон ўғлонларимизнинг охиратлари обод бўлсин. Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин”, — деди президент сўзининг якунида.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига амалий ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келган.
Изоҳ (0)