Ўзбекистонда сўм 2022 йилнинг ноябрь ойида ўтган ойга нисбатан пасаювчи динамика қайд этиб, 1 фоизга қадрсизланди. Бу ҳақда Марказий банк хабар бермоқда (пдф).
Сўм 2021 йил мос даврига нисбатан 1,1 фоизга, базавий ой — 2019 йилнинг сентябрига нисбатан 7 фоизга мустаҳкамланди.
Ноябрь ойидаги сўм курсининг қадрсизланиши асосан савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши, савдо-ҳамкор мамлакатлар инфляциялари таъсирлари билан изоҳланмоқда.
Мазкур индексни оширувчи омиллар бўлиб ички инфляция — 1,3 фоиз бандни ташкил этди.
Пасайтирувчи омиллар бўлиб:
- савдо-ҳамкор давлатлар инфляцияси — 0,8 фоиз банд;
- валюта курслари — 0,8 фоиз банд,
- сўм алмашув курси — 0,8 фоиз банд ҳисса қўшди.
Асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг валюталари курси ноябрь ойида АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиб борган.
Россия рубли ноябрь ойида 1,2 фоизга мустаҳкамланди. Бу нефть котировкалари ва глобал даражада нисбатан заифлашиб бораётган доллар индекси билан боғлиқ.
Қозоғистон тенгеси ноябрь ойида 1,8 фоизга мустаҳкамланди. Йирик юридик шахслар томонидан бюджетга солиқ тўловларини миллий валютада амалга оширишлари тенгега бўлган талабни ошираётгани, кичик бўлса-да курс мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда.
Хитойда кўчмас мулк бозорининг тикланиб бориши, пандемия бўйича чекловларнинг юмшатила бошлагани инвесторларни жалб қилмоқда. Бу ўз ўрнида юань курсининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Ўтган ойга нисбатан ноябрь ойида юань курси 0,3 фоизга мустаҳкамланди.
Туркия лирасида ноябрь ойи давомида кескин ўзгаришлар кузатилмади.
Изоҳ (0)