Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Россия расмий шахслари баҳордаёқ Украинага қарши урушда Россия президенти Владимир Путин томонидан ядро қуроли қўлланилиши салоҳиятини муҳокама қилган. Бу ҳақда Newsweek хабар бермоқда.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Бундай суҳбатлар бўлгани ҳақида нашр россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси, «Gulagu.net» аксилкоррупцион сайти раҳбари Владимир Осечкин ёрдамида қўлга киритган электрон хатлар дарак бермоқда. Осечкиннинг электрон почтасига Россия Федерал хавфсизлик хизматидаги «Ўзгаришлар шамоли» тахаллусли информатор Кремлда ва унинг куч тузилмаларида юз бераётган воқеалар ҳақида маълумот юбориб турган. Хатлар Путин Россия ўз «ҳудудий яхлитлиги»ни ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлигини айтиб таҳдид қилишидан бир неча ой аввал келиб тушган.

Нашр қайд этишича, информатор ўшандаёқ Путин бундай иш тутишига шубҳа билдириб, у ҳолда Россия «ҳам тўлқин таъсирига тушиши»ни айтган. Қўшни Украина билан низо «мантиқ ва соғлом ақлдан ташқарида» бўлса-да, мунозараларда қатнашганларнинг барчаси, ядро қуроли қўлланилишини назарда тутиб, «очиқдан-очиқ тентаклик амалга оширилмаслиги»га умид қилган. Бундан ташқари, «Ўзгаришлар шамоли» таъкидлаганидек, Украинага қарши тактик ядро қуролининг қўлланилиши ҳам душманлар, ҳам бетараф мамлакатлар кўз ўнгида «Россиянинг мағлубияти»ни англатган бўларди.

«Маҳаллий зиддият учун бундай кучли асос ҳарбий заифликни намойиш қилган бўларди, уни ҳатто ҳарбий муваффақият ҳам ўчириб ташлай олмасди», — деб ёзади ФХХдаги информатор.

Бундан ташқари, у тахмин қилишича, Путин ядро зарбаси ҳақида фармон беришга уринса, Кремлдаги қўмондонлик занжири унга тўсқинлик қилиши мумкин. Шу билан бирга, нашр маълумотларига кўра, Путиннинг ўзи бу муҳокамаларда қатнашмаган.

«У генералларнинг фикрларидан қатъий назар, бундай қуролдан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин бўлган ягона кишидир. Бироқ бундай муҳокамалар бўлганининг ўзи Оқ уйда хавотирлар уйғотади», — деб ёзади Newsweek.

АҚШ президенти Жо Байден кузда ядровий «Армагеддон» хавфи 1962 йилги Куба ракета инқирозидан буён энг юқори даражага етганини айтганди, ўшанда кўпчилик ядровий уруш муқаррарлигидан хавфсираганди. Бироқ Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Вашингтон ва Москва Россия томонидан ядро қуроли қўлланилиши салоҳияти атрофидаги баёнотларни сусайтириш бўйича музокаралар олиб борганини айтди.

Россиянинг Украинага қарши урушида ядро қуроли қўлланилиши ҳақидаги суҳбатлар юзасидан Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) Европа дастури директори Макс Бергманн ўз фикрини билдирди. Унинг айтишича, ҳозир Путин «бу зиддиятни ўзгартиришга уриниш учун қандайдир усул қидирмоқда».

«Агар сиз Россиядек бир давлат раҳбари бўлсангиз, бир томондан буюк давлат мақомини олиш учун даъвонгиз бўлиб ҳисобланувчи, иккинчи томондан эса айни пайтда долзарб бўлмаган ядро қуролининг бундай катта захираси сизни қайғуга солиши мумкин, чунки улардан ҳақиқатда фойдалана олмайсиз. Қилишингиз мумкин бўлган ягона нарса — уларни қўллаш билан таҳдид этиш», — деди Бергманн.

Шу билан бирга, унинг огоҳлантиришича, агар Украина аҳамиятли муваффақиятларга эришишда давом этиб, Қримга яқинлашса, Россия чинакамига ядровий таҳдидларига қайтиши мумкин.

Америкалик мансабдорлар Россия кучлари ядро қуролини бир жойдан иккинчи жойга олиб ўтаётгани ёки зарбага тайёрланиш учун бошқа тактик чоралар кўраётганидан дарак берувчи далилларни кўрмаётганини айтди. Айни вақтда Байден маъмуриятидаги манбалар даъво қилишича, АҚШ амалдорлари Путиннинг гапларидан тинчланмаган. Уларнинг фикрича, Москва Украинадаги кучлари ва конвенцион қуролларини битириб тугаца, ядро қуролини қўллаш хавфи ошади.

 

Мавзуга доир:

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Туркия ва Суриядаги зилзила нега ҳалокатли оқибатларга олиб келди?
Маҳаллий
“Қардошларимизга ҳамдардмиз”. Ўзбек жамоатчилиги Туркиядаги зилзилага муносабат билдирди
Дунё
Туркия ва Суриядаги кучли зилзила: Вайроналар остидан одамлар қидирилмоқда — фоторепортаж