Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтигазинспекция» ва «Ўзэнергоинспекция» ходимлари вазирликка «ўгай» ходим эканини айтмоқда. Уларнинг билдиришича, вазирлик 400 нафар ходимининг олти ойлик маошини бермай, сарсон қилмоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Куз-қиш мавсуми тайёргарлиги тугади. Электр энергияси ва табиий газ таъминоти учун тайёргарлик кўрилди. Йил давомида энергетика объектларида олиб борилган реконструкция, янги трансформаторлар ёки тортилган симлар, газ қурилмалари-ю, трубаларида назорат бўлиши керак эди. Ростан қоғоздаги «улкан» ишлар амалда бажарилган. Буни ким назорат қилади? Албатта, «Ўзнефтигазинспекция» ва «Ўзэнергоинспекция» ходимлари.

Энди тасаввур қилинг, 2 миллион сўм ойлик оладиган инспектор бутун тизимни қандай назорат қилади? Бугунги газ таъминотидаги ва электр энергиясидаги муаммолар қандай вужудга келди? Ўйлаб кўрдингизми? Назоратчилар қаерга қаради, деган савол туғилади. Буни Энергетика вазирлиги валломатлари ҳеч ўйлаб кўрдими? Ўзлари «отнинг калласидек» ойлик олса, бўлди. Бу валломатлар ходимлари ҳалол ва тўғри ишлаши учун уларга иш ҳаққини ўз вақтида бериш кераклигини ёдидан чиқарди. Ходим тўғри ишласа, тизимдаги ишлар ҳам тўғри бўлади-да, — дейди маошини ололмаётганини айтган ходимлардан бири.

Мурожаатчи ходимларнинг тушунтиришича, уларнинг бир ойлик маоши бюджетдан бериладиган пул ва вазирлик фондидан бериладиган йўлкира, овқат пули, ойлик мукофот ва байрам пулларидан иборат.
«Ўзнефтигазинспекция» ва «Ўзэнергоинспекция» ходимлари бюджетдан 1,7 миллиондан 2 миллион сўмгача маош олсак, вазирликдан йўлкира, овқат пули, ойлик мукофот ва байрам пулларини оламиз. Шунда ҳам маошимиз нари борса 3 миллион сўмга етади. Энг ёмони май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь ва мана ноябрь ойлари учун ҳам вазирликдан бир сўм ҳам олганимиз йўқ. Нега ойлик берилмаяпти десак, ҳисоб рақамимизда пул йўқ дейишади. Лекин вазирлик аппаратидаги ходимлар 30 миллион сўмлик маошини бир кун ҳам кечиктирмай олади, — дейди мурожаатчи ходимлар.
«Дарё» мурожаатчиларнинг мазкур даъвосига кўра, Энергетика вазирлиги масъуллари билан боғланиб, ҳолатга изоҳ сўради.

Вазирлик ахборот хизмати масъули Обиджон Дилмуродовнинг айтишича, мазкур муаммодан вазирлик мутасаддиларининг ҳам хабари бор.

Вазирликда раҳбар ўзгаргач, вазиримизнинг шахсан ўзлари бу масалага эътибор қаратган ва «Ўзнефтигазинспекция» ҳамда «Ўзэнергоинспекция» ходимларининг бир неча ойдан бери тўпланиб қолган маошларини ҳал этишга киришган. Дастлаб фонддаги маблағлардан февраль, март, апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган пуллар тўлаб берилди. Эрта-индин июнь, июль, август, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларининг маошлари ҳам тўлаб берилади, — дейди Обиджон Дилмуродов.
Вазирлик масъули мурожаатчи ходимларнинг вазирлик аппаратидагилар маошини ўз вақтида, ойма-ой олаяпти деган гапини инкор этмади.
Тўғри, вазирлик аппаратидагиларнинг фонд маблағларидаги маошларида муаммо йўқ, — деди Обиджон Дилмуродов.
Вазирлик масъули «Дарё» журналистининг «Вазирлик аппаратидаги ходимлар маошини тўлашда фондда маблағ муаммо бўлмайди-ю, ‘Ўзнефтигазинспекция’ ва ‘Ўзэнергоинспекция’ ходимлари маошига келганда фонд маблағлари тугаб қоладими», деган саволига «Вазирлик аппаратидагилар кам, нари борса 80 кишини ташкил этади, шу боис бу масалада муаммо бўлмаган. Бу ходимларнинг ойлик маошидаги муаммолар ҳам тез орада ҳал этилади», — дея жавоб берди.

Вазирликнинг маошини ололмаётган ходимлари эса масъулнинг гапини инкор этиб, март ойи учун ҳам тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаганини таъкидламоқда.

Сизга май ойини ҳам ҳисоб-китоб қилганмиз дея маълумот беришганини эшитдик, аммо март ойи ҳам тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Март ойидаги байрам пулларини ҳалигача олганимиз йўқ. Бу муаммо юзасидан шикоят қилаётганимизни билишгани учун, имкон қадар масалани ёпти-ёпти қилишга уринишмоқда. Қайси сайт муаммони олиб чиқса ҳам, шунчаки муносабат бериш билан қутиламиз дейишмоқда, — дейди маошини ололмаётган ходимлар.
Маошини ололмаётган ходимлар шунингдек, «Икки миллион маош оламиз, у йўл пули бўлишдан нарига ярамаяпти. Ҳар куни уйга пулсиз қайтиш ва болалар кўзига қараш азоб. Ишласанг, аммо меҳнатинг учун ўз вақтида пул олмасанг, ҳаққингни талаб қилсанг, ким шикоят қилди дея муаммони ҳал этиш ўрнига ҳақиқатни гапирганларни излашади. Топишса, баҳона қилиб, ишдан ҳам ҳайдайди. Аламлиси, вазирлик ходимлари 30 миллион сўмлаб маош олади, ўз вақтида тағинам. Лекин қора меҳнат қилаётган ходимларга арзимаган маошини ҳам бермай сарсон қилишади. Шуми адолат?», — демоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5646-сонли Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 1 февралдаги қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси этиб қайта ташкил этилди ва Энергетика вазирлиги тузилмасига ўтказилганди. «Ўзэнергоинспекция» ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Энергетика вазирлиги марказий аппарати ходимларининг тегишли тоифаларига тенглаштирилган.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Генерал Пётр Павел Чехиянинг янги президенти этиб сайланди
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь
Маҳаллий
“Ўтган йил давомида ички ишлар ходимлари билан боғлиқ 644 та салбий видео тарқалган” — Шоҳрух Ғиёсов