Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

27 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан дунёнинг энг хавфли наркобарони Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган самолёт, «Невский экспресс» тезюрар поездида теракт ҳамда совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони оид фактлар ўрин олган.

Президентликка номзод: Боготада самолётни портлатиб юборган Эскобар

1989 йил 27 ноябрь куни Колумбия пойтахти Боготада Boeing 727 самолёти портлаб кетганди. Фожиа оқибатида 110 киши ҳалок бўлган — бу гиёҳванд моддалар билан савдоси билан шуғулланувчи Пабло Эскобарнинг одамлари томонидан тайёрланган теракт эди. Маълумотларга кўра, у сиёсатчи Сесар Трухильони ўлдиришни истаган, натижада эса Трухильо Колумбия президентига айланган ва аввалига ўтган аср охирларининг энг қудратли ва қонхўр жиноятчиси ҳисобланган Поблонинг ҳибсга олинишига, кейинроқ ўлдирилишига эришган.

Коллаж: AP Photo

Эскобар қандай қилиб кўтарилганди?

ХХ аср охирларида бутун дунёда колумбиялик Пабло Эскобардан хавфлироқ инсон йўқ эди. Колумбиядаги қашшоқ шаҳарда дунёга келган йигит, дунё миқёсидаги гангстер сифатида ажойиб карьера қуришга муваффақ бўлган. Эскобар исми ҳозирга қадар тарихдаги энг йирик наркотрафик билан бирга тилга олинади. Аслида эса у жиноят оламига автомобилларни ўғирлаш, кўча жиноятлари ва рекетлар уюштириш билан кириб келган.

Наркобизнесни аввалига «майда ишдан», яъни марихуанадан бошлаган. Кокаин савдоси билан шуғулланиш ғояси уни Меделиндаги, кейинчалик бутун дунёдаги энг бадавлат инсонга айлантирган. Маълумки, Меделин кокаин картели нафақат Колумбия, балки бутун дунёни қўрқувга солган. Эскобар полиция, судья ва амалдорларни сотиб олган. Рақиблари ва бойлигини бўлишишни истамаганларни аянчли аҳволга солган. Шу билан бирга, қашшоқлар уни худди Робин Гуддек яхши кўрган. 1979 йилда эндигина 30 ёшга тўлган Эскобар жиноий дунё ва бутун Колумбия жамиятининг энг обрўли кишисига айланган.

Фото: Wikipedia

Чекка ҳудудлардаги миннатдор аҳоли фарзандларига унинг исмини қўйган, Эскобарнинг ўзи эса президентлик курсисини орзу қилган ва сиёсий фаолликни бошлаб юборган. Ҳукумат наркосавдогарлар тўдасини тугатиш учун анча тер тўккан. Эскобарга яқин бўлган бир неча киши АҚШга экстрадиция қилинган, унинг ўзи эса яширинишга ва мунтазам бошпанасини ўзгартиришга мажбур бўлган. Аламзада наркобарон ҳатто америкаликларга топширилмаслиги кафолати учун таслим бўлишга рози бўлган. Ҳукумат бундай шартни қабул қилмагач, Эскобар қасос олишни бошлаган.

1990 йилги президентлик сайловлари кампанияси Колумбияда даҳшатли тушга айланган. 1989 йил 16 август куни Эскобарнинг киллерлари Олий суд судьяси Карлос Валенсияни, эртаси куни полиция полковниги Валдермар Контерони ўлдирган. 18 август куни сайловолди митингида машҳур сиёсатчи, Либераллар партиясидан номзод Луис Карлон Галан отиб кетилган — у президентликка сайланса, мамлакатни наркосавдогарлардан тозалашга ваъда берган. Яна икки номзод ҳам 1990 йил баҳорида ёлланма қотиллар томонидан ўлдирилган.

Боготада жанговар ҳаракатлар театри юзага келган: Колумбия пойтахтида портлашлар бошланган, кўчаларда отишмалар тўхтамаган. Ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, яна юзлаб инсон яраланган. Бу каби воқеаларнинг энг қўрқинчлиси 1989 йил 27 ноябрь куни Богота осмонида юз берган: Boeing 727 бортига олиб кирилган бомба 101 нафар йўловчи ва олти нафар экипаж аъзосининг умрига зомин бўлган.

Фото: Wikipedia

Avianca авиакомпаниясининг самолёти Боготадан Калига мунтазам ички рейсларни амалга ошириш билан шуғулланиб келган. Соат 07:11 да авиалайнер аэропорт учиш йўлагидан кўтарилган ва баландликка чиқа бошлаган. Беш дақиқа ўтгач, 4 километр баландликда салоннинг орқа қисмида бомба портлаган. Унинг ортидан яна бир кучли портлаш рўй берган: буни ёнилғи буғлари ҳосил қилган. Иккинчи портлаш авиалайнерни парчалаб юборган бўлиб, унинг бўлаклари Соача шаҳри яқинидаги тоғ ёнбағрига сочилиб кетган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, самолёт ҳавода портлаган ва Боготадан тахминан 12 километр жануби-ғарбий йўналишдаги тепаликка қулаган.

«Мен портлашларни эшитдим ва электростанциядаги трансформаторда қандайдир муаммо юзага келди деб ўйладим. Аммо бошимни юқорига кўтарганимда, ҳавода самолёт портлаб кетди, одамларнинг жасадлари ва юк чамадонларининг бўлаклари ерга туша бошлади», — дея эслайди гувоҳлардан бири Марио Васкес.

Радиога сирли қўнғироқ

Бир неча соатдан кейин Caracol радиосига номаълум эркак қўнғироқ қилиб, портлаш бўйича масъулиятни ноқонуний гиёҳванд моддалар айланмаси билан шуғулланувчи гуруҳ ўз зиммасига олишини айтган. Унинг сўзларига кўра, теракт беш нафар полициячини йўқ қилиш мақсадида ўйлаб топилган. Бу одамлар ҳуқуқ-тартибот органларига Меделин наркокартели етакчининг қўлга олинишига сабаб бўлган маълумотларни бериб келган.

Шунингдек, Эскобар бошчилигидаги наркосавдогарларнигн асосий нишони Колумбиянинг ўлдирилган собиқ президенти Галанни Либераллар партиясидан давомчиси Сесар Гавриа Трухильо бўлган, дея ҳисобланган. Бироқ сўнгги дақиқаларда ва эълон қилинмаган сабабларга кўра, у парвоздан қолган. Трухильо омон қолган, сайловларда ғалаба қозонган ва Эскобарнинг йўқ қилинишига эришган. Аммо буларнинг барчаси кейин содир бўлган, 1989 йил кузи охирида эса бутун дунё меделинликларнинг шафқатсизлигидан яна бир бор даҳшатга тушганди.

Сесар Гавриа Трухильо

Сесар Гавриа Трухильо
Фото: Ап Photo

Тергов давомида бомбани самолёт бортига ишбилармон инсон кўринишидаги эркак ва унинг шериги олиб киргани аниқланган. Улар ёнилғи баки ёнидан ёнма-ён жой олган. Сўнгги дақиқаларда жиноятчи салонни тарк этган. Унинг ёрдамчиси эса қолган ва бошқалар билан бирга ҳалок бўлган.

Колумбияда полиция рейдлари бошланиб, натижада кока плантациялари, шунингдек, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи кимёвий лабораториялар йўқ қилинган. Қурбонлар орасида икки нафар Америка фуқароси ҳам бўлгани боис, терговга АҚШ махсус хизматлари жалб этилган. Портлашнинг асосий ташкилотчиси Данден Мунёс Москера 1991 йилда қўлга олинган. Унга ўн карра умрбод қамоқ жазоси ва яна қўшимча 45 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, Меделин жиноий гуруҳи етакчисининг шахсий киллери, «Папай» лақабли Жон Хайро Веласкес ҳам терактнинг асосий ташкилотчиларидан бири ҳисобланган. У камида 3 минг кишининг ўлимига алоқадор ҳисобланган, бироқ у ўзини қонхўр Эскобар қўлидаги қурбон ва қурол ҳисобланади. 1992 йилда «Попай» ҳукуматга таслим бўлган, аммо унга нисбатан фақат президентликка номзод Галаннинг ўлдирилиши бўйича айблов эълон қилинган. Белгиланган 30 йил қамоқ жазосининг 23 йилини ўтириб чиққан киллер 2014 йилда озодликка чиққан.

«Невский экспресс» поездининг ҳалокати

2009 йил 27 ноябрь куни соат 21:35 да Новгород ва Тверь вилоятлари чегарасида темир йўлда содир бўлган портлаш оқибатида «Невский экспресс» тезюрар поездининг учта вагони рельсдан ағдарилиб кетганди.

Фото: «РИА Новости»

Ҳалокат вақтида поездда 682 киши бўлган, уларнинг 661 нафари йўловчилар бўлса, 21 нафари поезд бригадаси ходимлари эди. Портлатилган поездни тўхтатган машинист зудлик билан диспетчерга содир бўлган ҳолат тўғрисида билдирги берган, бироқ фожиа аҳоли пунктидан анча узоқ ҳудудда юз бергани туфайли ёрдам 1,5—2 соатдан кейин етиб келган.

Ҳалокат жойидан йўловчиларни эвакуация қилиш учун «Сапсан» тезюрар поезди жўнатилган ва у 28 ноябрь соат 03:15 да 529 йўловчини Санкт-Петербургга олиб келган. Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга 770 киши ва 152 та техника жалб этилган.

«Невский экспресс» вагонларининг қулаши оқибатида 28 кишига ҳалок бўлганди, шунингдек, 132 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Ҳалок бўлганлар орасида «Росрезерв» раҳбари Борис Евстратиков, Санкт-Петербургдан сайланган собиқ сенатор, «Автодор» давлат компанияси бошқарув кенгаши раиси Сергей Тарасов ҳам бор эди. «Россия темир йўлларига» етказилган умумий зарар 187 миллион рублни ташкил этган.

Фото: «РИА Новости»

Портлаш оқибатида мазкур йўналишда қатновчи 60 та поезднинг ҳаракатлари тўхтатилган, улар жами 27 мингдан ортиқ йўловчини ташиши керак эди. Теракт — ҳалокат юзага келишининг асосий версияси эди, чунки ҳодиса гувоҳларининг кўпчилиги вагонлар қулаши вақтида «портлаш ва чақнаш»ни эшитиб, кўрганини айтган. Поезд қулаган жойдан ўлчами 1,5 метрга 1 метрли ўра аниқланган, бу вагонларнинг рельсдан чиқиб кетишига сабаб бўлганди.

28 ноябрь куни соат 14:30 да «Невский экспресс» ҳалокати жойида иккинчи портловчи қурилма ишга тушган. Портлаш Россия Бош прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастиркин бошчилигида фавқулодда ҳолат жойини кўздан кечириш вақтида рўй берган. Экспертиза давомида портловчи қурилмалар мобил телефон орқали ишга туширилгани аниқланган.

Портлаш оқибатида Александр Бастиркин бош мия чайқалиши жароҳатини олган, шунингдек, унинг ёнида бўлган Москва вилоятлараро транспортда тергов бошқармаси бошлиғи Сергей Забатурин ва Новгород вилояти бўйича тергов қўмитаси раҳбари Константин Карасев ҳам жароҳатланган.

Фото: «РИА Новости»

Федерал хавфсизлик хизмати Москва—Санкт-Петербург йўналишида қатнаётган поезд ҳалокати етти килограмм тротил эквивалентига тенг қўлбола портловчи қурилма оқибатида содир этилганини тасдиқлаган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳодисанинг иссиқ изидан поездни портлатган бир неча гумонланувчининг фотороботи тузилган. Тергов давомида 250 дан ортиқ суд экспертизаси ўтказилган, шунингдек, жиноятнинг амалга оширилишига сабаб бўлган барча ҳолатларни аниқлаш бўйича қатор тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Экспертизада аниқланишича, «Невский экспресс»нинг ҳаёт учун хавфли жароҳатларни олган барча йўловчилар охирги вагонда кетаётган бўлган. Охирги вагон портлаш эпимарказидан энг узоқда жойлашган эди. Бироқ йўриқномага мувофиқ машинист портлашдан кейин фавқулодда тормозланишни амалга оширганидан кейин соатига 190 километр тезликда ҳаракатланаётган таркибнинг дум қисми оғишни бошлаган.

Дастлабки тўққизта вагонга ҳеч нарса қилмаган. 2, 3 ва 4-вагонларга ён тарафга қулаган. Охирги вагон эса ажралиб чиқиб, рельсдан кўтарилган, электр тармоғининг учта бетон устунини бузиб ўтиб, ағдарилган. Бу эса йўловчилар орасида оммавий қурбонлар пайдо бўлишига олиб келган.

Фото: «РИА Новости»

Тергов давомида портлашга алоқадор етти кишининг шахси аниқланган — улар «Саид Буряцкий» лақаби билан танилган Александр Тихомиров, Баҳоудин Далгиев, Осман Ужаков ва тўрт ака0ука Картоевлар. Гумонланувчиларнинг барчаси 2010 йил 2 март куни Ингушетидаги «Экажево» қишлоғида ўтказилган махсус операция давомида йўқ қилинган.

Куч тузилмалари вакиллари экспресснинг қулашини ташкиллаштиришга алоқадор яна 10 кишини ҳибсга олган — Зелемхон Аушев ва Картоев фамилияли тўққиз киши. Гумонланувчилар қўлга олиниш вақтида қаршилик кўрсатган, оқибатда Тергов қўмитаси терговчиси Сергей Васюкович ҳалок бўлган.

2011 йил 27 июль куни жиноят иши материаллари Тверь вилояти судига кўриб чиқиш учун юборилган. 2012 йил 22 май куни эса 10 нафар айбланувчи 7 йилдан умрбод озодликдан маҳрум этилган.

Беларусда қуролли қўзғолон

1920 йил 27 ноябрь куни Беларусь Халқ Республикаси тарафдорларининг совет ҳукуматига қарши Слуцк қўзғолони бошланган эди. Беларуслар болшевиклар қўшинларига бир ой давомида фаол қаршилик кўрсатган.

Фото: Бельсат

Бу вақтда поляк ва советлар уруши давом этарди. Слуцк шаҳри бир неча бор қўлдан-қўлга ўтган ва охир-оқибат 12 октябрдаги келишувга қадар нейтрал зонага айланган. У барибир болшевиклар ҳукмронлиги остига ўтиши керак эди. Улар ҳарбий коммунизмнинг қаттиқ сиёсатини юритган, шу сабабли қўзғолонни ҳаракатга келтирган куч мустақил Беларусь ғоясини қўллаб-қувватлаган деҳқонлар эди. Бундан ташқари, руслар ва поляклар ўртасида мамлакатни яна бўлиб олиш режаси норозилик келтириб чиқарган. Беларусларнинг бунга қарши туриши учун фақат ташкилотчилик етишмаган.

Слуцкнинг ўзида юрист Павел Жаврид раҳбарлиги остида Беларусь миллий қўмитаси ўз ишини қайта бошлаган. 14 ноябрь куни Случчинада миллий съезд ўтказилиб, делегатлар Беларусь Халқ Республикасининг ҳокимиятини тан олган ва совет босқинига қарши чиқиш қилган. Съездда Случчина Кенгаши танланган, Жавридга эса ҳарбий қўмондонлик вазифаси юклатилган. Беларусь халқини этник чегаралар учун мустақилликка чорловчи декларация ҳам ўшанда эълон қилинганди. Слуцк ўлкасида умуммиллий сафарбарлик эълон қилинган ва иккита полк шакллантирилган. Унинг ҳузурида ҳарбий госпитал ва суд фаолият юритган.

Кенгаш ҳаракатлари норозилик намойишларини ўтказишни бошлаган беларуслар томонидан жиддий қўллаб-қувватланган. Гроднодан исёнчилар «Ватан яшаши учун ўлишга кетганлар» ёзуви туширилган байроқни қабул қилиб олган.

Фото: Бельсат

Совет қўшинлари билан биринчи уруш 27 ноябрь куни бошланган. Беларусларга Қизил армиянинг Омск дивизияси қаршилик кўрсатган, бироқ улар тарқалишга тушган — болшевикларнинг аграр сиёсатидан ҳафсаласи пир бўлган ҳарбийлар исёнчилар сафига бориб қўшилган ёки урушда иштирок этишдан бўйин товлаган. Ўшанда беларусларга қарши латвиялик ва хитойликлардан шакллантирилган каттароқ қуролли қўшин юборилган. Исёнчилар уларни ушлаб тура олмаган, чунки муҳим партизан ҳаракати жойлаштирилганига қарамай, уларда одам, дори-дармон, қурол ва ўқ-дорилар кам эди.

31 декабрь куни Слуцк бригадаси поляклар томонидан чекинишга мажбур бўлган. Поляк чегарачилари уларни қуролсизлантириб, тарқатиб юборган. Қўзғолон иштирокчиларининг бир қисми Слуцкка қайтиб, у ерда болшевиклар томонидан қатағон қилинган, қолганлари партизан ўрмон отрядларига қўшилган ва 1930 йилларгача фаол қаршилик кўрсатган.

Беларуслар 27 ноябрни Қаҳрамонлар куни сифатида нишонлаб келади, бироқ бу кун давлат даражасида белгиланмаган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Генерал Пётр Павел Чехиянинг янги президенти этиб сайланди
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь
Маҳаллий
“Ўтган йил давомида ички ишлар ходимлари билан боғлиқ 644 та салбий видео тарқалган” — Шоҳрух Ғиёсов