Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги агентлик 8,4 миллиард сўм сарфлаб, сайт яратгани айтилмоқда. Бу ҳақда Telegram’даги «Компроматузб» канали хабар берди.
Қизиқ томони, ҳеч қандан тендер ўтказилмаган, шунча пулни тўғридан-тўғри шартнома орқали ўтказиб беришибди, — деб ёзади Telegram’даги канал муаллифи.Шунингдек, муаллиф бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги сусткашликка йўл қўяётганини қўшимча қилган.«Дарё» мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида 8,4 миллиард сўмга эга чиққан Realsoft МЧЖ масъуллари билан суҳбатлашди.
Бу шунчаки ахборот берувчи сайт эмас. Бу — катта платформа. Мазкур платформани яратишда 45 нафар мутахассис олти ой давомида меҳнат қилган. Айни кунда ҳам платформадаги камчиликларни бартараф этиш, тўлдириш ишлари давом этмоқда, — дейди мазкур МЧЖ директори ўринбосари Ҳаётбек Насруллаев.Ҳаётбек Насруллаевнинг қўшимча қилишича, бу платформани яратиш ҳақида президент қарорида ҳам сўз борган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, агентлик, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш ва баҳолаб бориш имконини берувчи ҳамда тегишли вазирлик ҳамда идоралар маълумотлар базалари билан интеграция қилинган «Онлайн маҳалла» электрон платформасини ишга тушириш кераклиги ҳақида топшириқ берилган, — дейди у.
МЧЖ масъулининг айтишича, улар бу меҳнати учун айни пайтда айтилаётган 8,4 миллиард сўмдан ҳам катта маблағ сўраган. Аммо вазирлик масъуллари шуни тасдиқлашган.
Ахборот берувчи сайтларга кўпи билан 200—300 миллион сўм берсангиз, керагидан ортиқ тўлаган бўласиз. Мисол учун, «Менинг фикрим» портали эсингиздами? Шу платформа яратилишига ва бир неча йиллик техник ёрдам учун 2 миллиард сўм ажратилган эди. Лекин бу платформанинг вазифалари жуда кўп. Платформа оддий ахборот берувчи сайтлардек эмас, — дейди бу мавзу ҳақида фикр билдирган мутахассислардан бири.YouTube’даги Realsoft каналида айтилишича, «Онлайн маҳалла» ахборот тизими ёрдамида ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, аҳолининг бандлик даражасини, даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини, даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларни таҳлил қилади.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчиси бу платформа орқали маҳаллани иқтисодий ривожлантириш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш, ишсиз аҳолини бўш иш ўринларига жойлаштириш, оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредит олишда кўмаклашиш, кооперация муносабатларини ривожлантириш, томорқа ерларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, субсидиялар олишда кўмаклашиш, маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар киритиш, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаб, уларни ҳал этиш билан шуғулланиш каби амалларни бажаради.
«Дарё»нинг бу ҳақдаги сўровига жавоб берган вазирлик ахборот хизмати раҳбари Дилдора Жўраева ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган мазкур масала юзасидан тез орада батафсил ахборот берилишини билдирди.