Тайван мудофаа бошқармаси оролга туташ ҳудудда Хитой халқ озодлик армияси (ХХОА) Ҳарбий-денгиз кучларининг тўртта кемаси, иккита қирувчи самолёти ва бир ҳарбий вертолётини аниқлади, деб ёзмоқда «РБК» бошқарма хабарига таяниб.
«Бугун, соат 6:00 ҳолатига (Тошкент вақти билан 3:00) Тайван атрофида ХХОАнинг учта учар аппарати ва тўртта кемаси аниқланди», — дейилади хабарда.
Тайван Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, манёврлар давомида Хитойнинг иккита Ж-16 қирувчи самолёти жануби-ғарбий ҳудуддаги Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа идентификация зонасига кирган, орол шарқида эса сувости кемасига қарши Ка-28 вертолёт қайд этилган.
Тайван армияси бунга жавобан самолётларни ҳавога кўтарди, радиоогоҳлантиришлар берди ва зенит-ракета тизимларини шайлади.
Тайван Хитойдан ажралиб чиққани ҳақида 1949 йилда, фуқаролар уруши даврида эълон қилган. Пекин оролнинг мустақиллигини тан олмайди ва уни ўз провинцияси деб ҳисоблайди.
Шу йилнинг апрель ойида бир гуруҳ АҚШ конгрессменлари ташрифидан кейин Хитой ва Тайван атрофида вазият кескинлашди. Август ойи бошида, Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганида бу кескинлик ўз чўққисига чиқди. Унинг ташрифи Хитой томонидан кескин танқидга учради.
АҚШ Тайван билан дипломатик алоқалар ўрнатмаган бўлса-да, 1979 йилдан буён амал қилиб келувчи қонунга кўра, минтақага ўзини ҳимоялаш учун қурол етказиб бера олади.
Изоҳ (0)