Россияда совет даврларидан буён фойдаланилмаган бомбапаноҳлар яширинча текширилмоқда ва янгиланмоқда. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берган. Бундай жараёнлар фақат Украина билан чегарадош ҳудудларда бўлаётгани йўқ, дейилади хабарда.
Нашр суҳбатдошлари айтишича, Россия давлат органлари ходимлари ертўлалар ва бошқа ҳимояланган объектларни махфий равишда текширувдан ўтказмоқда. Бундан ташқари, совет даврларидан буён ишлатилмаган иншоотлар таъмирланмоқда ва тозаланмоқда.
Таъкидланишича, бундай тадбирлар Украина билан «низо кенгайиб кетиши» эҳтимоли юзасидан фуқаролик мудофааси инфратузилмасини тайёрлаш доирасида олиб борилмоқда.
Bloomberg қайд этишича, ушбу кампания ҳақида расман эълон қилинмаган ва у фуқаролик мудофааси инфратузилмасидан фойдаланиш бўйича муайян хавфлар ёки режалар билан боғлиқ эмас. «Бироқ Россияда эълон қилинган қисман сафарбарлик бюрократик хатоликлар билан олиб борилгани туфайли, РФ ҳукумати энди бошқа тайёргарлик тадбирлар борасида таваккал қилмоқчи эмас», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Россиянинг Украина билан чегара яқинида жойлашган бир нечта вилоятларида давлат хизматчилари бомбапаноҳларни тайёрлаш бўйича тадбирлар олиб борилаётганини омма олдида тасдиқлаган. Bloomberg манбалари бундай текширувлар Россиянинг бутун ҳудуди бўйлаб ўтказилаётганини айтмоқда.
Россия бомбапаноҳларни тайёрлаётгани ҳақида аввал ҳам хабарлар пайдо бўлган эди. Хусусан, 2022 йил октябрида Украина Ташқи разведка хизмати собиқ раҳбари Николай Маломуж РФ бомбапаноҳларни тайёрлашга қизғинлик билан киришганини айтганди. Москвада бошпаналарни «ободонлаштириш»ни октябрда бошлашган, Сочида эса тайёргарлик баҳордаёқ бошланган.
Бундан ташқари, Россия ОАВлари Москвадаги ерости паркингларида ухлаш учун жойлар тайёрланиб, иситиш ускуналари ва аптечкалар ўрнатилаётгани ҳақида ёзганди. Паркинглардан бомбапаноҳлар сифатида фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Илья Пономарёв фикрича, Москвада бомбапаноҳларнинг тайёрланиши ва иттифоқдош мамлакатларнинг ўз фуқароларидан Россияни тарк этишни сўраши Кремлнинг Америка аудиториясига қаратилган пропагандасининг бир қисмидир. Шу тариқа, Путин Ғарбнинг ядровий шантажи борасида ўз ставкаларини оширмоқда, деди у.