Херсондан чекинишдан аввал Россия қўшинлари шаҳарда бир қанча инфратузилма объектларини портлатиб юборган. Бу ҳақда Херсоннинг «Мост» нашри маҳаллий аҳолига таяниб хабар бермоқда.
Унинг маълумотларига кўра, Херсонда бир нечта қозонхона ва «вилоят энергия объекти» портлатилган. Шунингдек, телеминора ёнида жойлашган телевизион марказ ҳам портлаган. Телеминоранинг ўзига зарар етмаган, деб ёзган «Мост». Аммо кейинроқ у ҳам вайрон бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Херсонда инфратузилма объектлари портлатилганини Украина томони ҳам, Россия томони ҳам расман тасдиқлагани йўқ.
10 ноябрь куни эрталаб Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк «Россия Херсонни ‘ўлим шаҳриъга айлантирмоқчи» эканини айтди. «Россия ҳарбийлари мумкин бўлган ҳамма нарсани: квартираларни канализацияни миналаштирмоқда. Чап қирғоқдаги артиллерия шаҳарни вайроналарга айлантиришни режалаштиряпти», — дея даъво қилди Подоляк.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинларни Херсон вилоятининг ўнг қирғоқбўйидан олиб кетишни 9 ноябрь куни буюрган эди. Эртаси куни Украина қуролли кучлари Херсон вилоятида олға ҳаракатланаётганини маълум қилди. Ўз навбатида «Вагнер» гуруҳига алоқадор деб ҳисобланиладиган Россиянинг Grey Zone Telegram-канали Херсонда илк украин бўлинмалари пайдо бўлгани ҳақида хабар берди.