АҚШ Савдо вазирлиги Россиядан бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақомини олиб қўйди. Бу ҳақда Reuters идора баёнотига таяниб хабар берган.
Бундан қарор Россия иқтисодиётига давлатнинг «кенг кўламда» аралашуви туфайли қабул қилинган ва ушбу аралашувлар натижасида юзага келган «бозорга оид хатоликларни бартараф қилиш учун АҚШ антидемпинг (ноҳалол рақобатга қарши кураш) қонунчилигини қўллаш» имкониятини беради, дейилади вазирлик хабарида.
АҚШда бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақомига эга бўлиш учун давлат Американинг 1930 йилда қабул қилинган тарифлар тўғрисидаги қонунида қайд этилган муайян мезонларга мувофиқ бўлиши керак.
Россия 2002 йилда АҚШ томонидан бозор иқтисодиётига эга мамлакат деб тан олинган. Шундай мақоми бўлган мамлакатларга нисбатан Американинг бир қатор ташқи савдо чекловлари амал қилмайди. Масалан, уларга нисбатан антидемпинг божларини жорий қилиш қийинроқ. Бундан ташқари, Россия 2012 йилда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишида унинг бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақоми муайян ўринга эга бўлган.
2021 йилда АҚШ Савдо вазирлиги қарийб 20 йил ичида биринчи марта Россияни бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақомидан маҳрум қилиш имкониятини кўриб чиққан, бироқ охир-оқибат бу мақом тасдиқланган эди.