Компаниянинг молиявий ҳисоботи эълон қилинганидан кейин Меta акциялари қиймати деярли 20 фоизга арзонлашди. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.
Facebook, Instagram ва WhatsApp’нинг бош ташкилоти бўлган Меtа учинчи чорак учун молиявий ҳисоботини эълон қилди, унда даромад ва фойданинг камайгани, харажатларнинг ўсиши қайд этилган.
Бундан ташқари, метаверсени бошқариш учун масъул бўлган Reality Labs компаниясининг йўқотишлари ҳам 1 миллиард доллардан ошган.
Меtа'нинг июль—сентябрь ойларидаги соф даромади 4,39 миллиард долларни ёки ҳар бир акция учун 1,64 долларни ташкил этган. Ўтган йили бу кўрсаткич 9,19 миллиард доллар ёки ҳар бир акция учун 3,22 долларни ташкил қилган.
Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг компания акциялари нархи савдоларда 19,7 фоизга тушиб кетди, бу 2016 йилдан бери энг паст даража. Компаниянинг бозор қиймати 65 миллиард доллардан кўпроққа қисқарди.
Инвесторнинг йўқотишлар ҳақидаги хавотирлари билан юзма-юз келган Меtа компанияси раҳбари Марк Цукерберг метаверсе ва бошқа «экспериментал гаровлар»га сарфланган маблағлар ўз самарасини бера бошлашига ишонч билдирди.
Вақт ўтиб, бу бизнинг бизнесимиз келажагига жуда муҳим сармоя бўлади. Биз қисқа муддатли даромад муаммоларига дуч келсак-да, даромаднинг кучли ўсишига қайтиш учун асослар мавжуд, — деди у.
Компаниянинг тўртинчи чоракдаги прогнозидан ҳам инвесторларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Жорий чоракдаги даромад 30—32,5 миллиард долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Мутахассислар бу кўрсаткични ўртача 32,3 миллиард доллар деб тахмин қилмоқда.
2022 йил ёзида Facebook ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Американинг Меtа Platformas трансмиллий холдинг компанияси илк бор чораклик даромаднинг пасайишини қайд этган эди.
Изоҳ (0)