Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистоннинг 2022 йил январь—сентябрь ойларига кўра саноат ишлаб чиқариши ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, йил бошидан бери Ўзбекистонда 3,8 млн тонна кўмир ишлаб чиқарилган. Биргина сентябрь ойининг ўзида бу кўрсаткич 476,7 минг тоннани ташкил қилган ва бу ошиб бормоқда.
Сентябрь ойида 68,5 минг тонна, 2022 йилнинг дастлабки 9 ойида 587,9 минг тонна нефть ишлаб чиқарилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан соҳадаги ишлаб чиқариш 6,2 минг тоннага кўпайган.
Январь—сентябрь ойларига кўра 38,8 млрд куб метрдан ошиқ табиий газ, 969,5 минг тонна газ конденсати ҳам ишлаб чиқарилган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан иккала саноат соҳасида ишлаб чиқариш камайган — мос равишда 649,9 млн куб метр ва 4,1 минг тоннага.
Дунёда вазият қандай?
Украинадаги уруш туфайли кучайган табиий газ ва нефть тақчиллиги мамлакатларни яна энг ифлос қазилма — кўмирга қайтишга мажбур қилмоқда.
АҚШ, Европа ва Хитой каби дунёнинг йирик иқтисодиётга эга мамлакатлари иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун кўмир истеъмолини камайтириш бўйича қарор қабул қилган эди.
Эндиликда ушбу давлатлар етарли миқдорда электр энергиясини таъминлаш учун қисқа муддатли кўмир харидларини кўпайтирмоқда.
Янги кўмир конлари ва ресурсларига инвестициялар қисқарганидан кейин уни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича рақобат деярли йўқолган эди. Бу йил эса нархлар янги рекорд даражага чиқмоқда.
Аввалроқ юқори ҳарорат электр тақчиллигини келтириб чиқаргани сабаб Хитой яна кўмирга қайтаётгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)