Tesla сентябрь ойида Шанхайдаги заводида ишлаб чиқарилган 83 135 та электромобилни харидорларга етказиб берди. Бу ҳақда Хитой йўловчи автомобилларини ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (CPCА) маълумотларига таяниб, Reuters хабар бермоқда.
Бу Хитойдаги Америка компанияси учун янги савдо рекордидир.
Хитойда Tesla электромобилларини сотиш бўйича аввалги рекорд жорий йилнинг июнь ойида ўрнатилган эди.
Ўшанда компания деярли 79 мингта автомобиль сотишга муваффақ бўлган. Сентябрдаги сотувлар август ойига нисбатан 8 фоизга, ўтган йилга нисбатан 48,4 фоизга юқори бўлди.
Аввалроқ Tesla компанияси учинчи чоракда етказиб бериш ҳажмини олдинги уч ойга нисбатан 34,5 фоизга оширгани ҳақида хабар берилган эди.
Компаниянинг электромобиль ишлаб чиқариш кўрсаткичи рекорд даражадаги 343,83 мингтага етган.