Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Солиқ кодексига асосан, нодавлат спорт-таълим муассасалари ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Имтиёз қуйидаги жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматларни амалга оширувчи ташкилотлар учун назарда тутилган:

  • спорт иншоотларида, мактабларда, соғломлаштириш йўналишидаги клубларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;
  • спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, шунингдек ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;
  • спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар.

Белгиланган фаолияти турларини кўрсатишдан олинган даромадлари текин бўлган мол-мулкни ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90 фоизини ташкил этса, имтиёз қўлланиши мумкин.

Жами даромадда кўрсатилган хизматларни кўрсатишдан олинган даромаднинг белгиланган улушига риоя қилинмаганда, имтиёз қўлланмайди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматларни амалга оширувчи юридик шахслар қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиши мумкин:

  • фойда солиғи;
  • мол-мулк солиғи;
  • ер солиғи.

Фойда солиғи бўйича имтиёз қандай қўлланилади?

Фойда солиғи «0» фоизлик ставка бўйича қўлланилади. Бундай ставкани қўллаш солиқ тўловчини фойда солиғи бўйича ҳисобот топширишдан озод этмайди.

Жисмоний тарбия ва спорт объэктлари эгаллаган ерларга юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи солинмайди.

Масалан, Юнусобод туманининг 1-зонасида жойлашган корхонанинг 0,5 гектар ер майдони бўлиб, шундан 0,1 гектар майдонини спорт комплекси эгаллаган.

 

Корхонанинг умумий мол-мулкларининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати 10 млрд сўмни, шундан спорт комплексининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати 3 млрд сўмни ташкил қилади.

Мол-мулк солиғининг базаси умумий мол-мулкнинг қийматидан спорт комплексининг қийматини чегириб ташланган ҳолда аниқланади ва у 7 млрд сўмни ташкил этади.

Юридик шахслар солиқни 1,5 фоиз ставка бўйича тўлайди. Бунда мол-мулк солиғининг суммаси 105 млн сўмни ташкил этмоқда. Бинобарин, имтиёз қўлланилмаганда мол-мулк солиғининг суммаси 150,0 млн сўмни ташкил қилган бўлар эди.

Худди шунингдек, ер солиғини ҳисоблашда жами 0,5 га ер майдонидан спорт комплекси эгаллаган 0,1 гектар ер майдони чегириб ташланган ҳолда, қолган 0,4 гектар ер майдонига солиқ солинади.

Аввалроқ солиқ мобил иловасида янги имкониятлар пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар