Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

ЎФА Тартиб-интизом қўмитасида 14 сентябрь, чоршанба куни «Навбаҳор» бош мураббийи Самвел Бабаян ва «Championat.asia» мухбири ўртасида юзага келган келишмовчилик бўйича иш кўриб чиқилди.

Самвел Бабаян

Самвел Бабаян
Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Қарорга кўра, қўмита Бабаяннинг хатти-ҳаракатларини этикага зид деб ҳисоблади ва унга жарима интизом чораси қўллади.

Маълум бўлишича, Суперлига доирасида кечган «Сўғдиёна» — «Навбаҳор» учрашуви якунлангандан сўнг наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжумани залига кириш чоғида маҳаллий мухлис билан тортишиб қолган.

Мутахассис мазкур ҳолатни ўзининг телефони орқали видео тасвирга тушириб турган «Championat.asia» сайти фотомухбири Жаҳонгир Файзуллаевни кўриб қолган ва ўз ёрдамчиларига ушбу телефонга ёзилган видео материални ўчиришни буюрган. Ёрдамчилари журналистга тазйиқ ўтказиб, телефондаги ёзувларни ўчиртиришга мажбур қилган.

Мазкур вазият Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилишида «Навбаҳор» футбол клуби бош мураббийи Самвел Бабаян, «Championat.asia» сайти фотомухбири Жаҳонгир Файзуллаев, ушбу сайт журналисти Фахриддин Рўзиев иштирокида кўриб чиқилди. Йиғилишда тарафларнинг кўрсатмалари, тақдим этилган маълумотлар асосида Самвел Бабаян этика қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар содир этган деб топилди.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Самвел Бабаянга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди, — дейилади ЎФА баёнотида.

Аввалроқ ПФЛ мазкур ҳолат юзасидан баёнот берганди. Унда иш Тартиб-интизом қўмитасига оширилгани ва унга қадар мураббийнинг лицензияси олиб қўйилишини маълум қилганди. ПФЛ баёнотида журналистга тазйиқ ўтказган шахс Фарҳод Умаралиев экани ва бу ҳаракат учун унинг аккредитацияси олиб қўйилганини маълум қилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар