Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳарорат пасайиб, айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 9 сентябрь, жума куни республиканинг ғарбий ҳудудлари бўйича Волгабўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келади. Шанба ва якшанба кунлари эса республиканинг барча ҳудудларига тарқалади.
11 сентябрда булутли об-ҳаво бўлади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиш эҳтимоли бор. 11—12 сентябрда Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда ва республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади.
Салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келишида 10—11 сентябрь кунлари шамол 15-18 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилади. Шанба куни Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида шамолнинг кучайиши баъзи жойларда 20-23 метр/секундга етиши мумкин.
Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати пасаяди ва якшанба кунига келиб кундуз кунги ҳарорат 23-28 даражагача тушади. Душанба кунига келиб тунги ҳарорат ўзининг минимумига етиб, 10-13 даражагача тушади.