Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг сўкингани эшитилган аудиоёзув тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур овозга изоҳ берди.

Ҳокимлик ахборот хизматининг маълумот беришича, мазкур аудиоёзув Тўра Боболов, Қизириқ туманининг собиқ ҳокими Илҳом Юсупов, тумандаги кластер вакили Х.Х.ларнинг 2022 йилнинг 17 январь кунидаги, шунингдек, бошқа овозлардан кесиб олиниб, монтаж қилинган овоз ҳисобланади.

Мулоқотдан қарийб тўққиз ой ўтганидан сўнг интернет тармоғига сиздирилаётган мазкур аудиоёзувнинг 2:07 дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган қисмидаги ўта ҳақоратли сўзлар вилоят ҳокимига тегишли эмас. Бўлиб ўтган суҳбатга гувоҳ бўлганлар буни тасдиқлайди. (вилоят ҳокимлиги Ахборот хизматида асослар мавжуд), — дейилади ҳокимлик муносабатида.
Билдирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги «Сурхондарё вилоятида замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Қизириқ туманида хорижий инвестициялар иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил қилинган пахта- тўқимачилик кластери ўз мажбуриятларини бажармай, белгиланган лойиҳаларни амалга оширмаган.
Натижада туманда 2020 йилда 10,5 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган бўлса, муҳокама қилинган вақтда (2021 йил якуни бўйича) тўрт минг нафар фуқаро мазкур соҳага қамраб олиниб, уларнинг 6,5 минг нафари ишсиз қолдирилган. Бунинг оқибатида туманда хорижий давлатларга иш излаб кетганлар сони ошган. Шунингдек, кластер томонидан 2022 йил баҳорги дала ишларида қатнашиши белгиланган 262 та чопиқ трактори ва култиватор ҳамда 102 та чигит экиш сеялкаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Вилоят ҳокими юқоридаги ҳолатларни таҳлил қилиш жараёнида асабий ҳолатда қўпол сўзлар ҳам ишлатган. (аудиоёзувнинг 2:07-дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган ҳолат бундан мустасно). Ҳудуд ривожи учун жон куйдираётган вилоят ҳокимининг овозини ёзиб олиб, монтаж қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали уни ёмонотлиқ қилишдан, раҳбарият кўзига ёмон кўрсатишга уринишдан кимлардир манфаатдор бўлиши мумкин. Тасаввур қилинг, бир оила бошлиғи фарзандини оила учун бирон муҳим ишнинг уддасидан чиқолмай уни орқага тортгани учун жаҳл устида койиди. Худди шундай, беш ёки ўн эмас, қарийб уч миллион кишининг манфаатини таъминлашга масъул раҳбар ҳам вақтида амалга оширилмаган иш учун жиддий толиққани сабаб беихтиёр масъулларга қаттиқ гапириб юборган бўлиши мумкин. Бу сўзларни монтаж қилиб, тармоқда тарқатиш билан шуғулланиш орқали раҳбарнинг ишчанлик қобилиятига таъсир этмоқчи бўлаётганлар ўзларини бугунги ислоҳотларга хайрихоҳ шахс, дея аташга ҳақли эмаслар, бизнингча, — дейилади расмий муносабатда.

Ҳокимлик ахборот хизмати ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига монтаж қилингани аниқ сезилиб қолган бу аудиоёзувни тарқатган кимсалар ҳаракатида ғаразли ниятлар борлигини маълум қилиб, бундан тўғри хулоса чиқаришини, чалғимасликни сўраган.

Изоҳ

Islomjon Xolmatov

07.09.2022, 11:30

Iloji bolsa xammasini tekshirish kerak

Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Самарқандда 2 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди
Маҳаллий
Тошкентда автобуснинг юрган масофасига қараб тўлов қилиш тизими йўлга қўйилади
Маҳаллий
Аҳолининг валюта айирбошлашга йўналтирган пул маблағлари ҳажми 68 фоизга ўсди — Марказий банк