Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари  2021 йил августдан 2022 йил июлгача бўлган давр учун Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгаришини таҳлил қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозорида олди-сотди шартномалари сони 2022 йил 7 ойида салкам 49 минг тани ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига (48,3 минг) нисбатан деярли ўзгармади.  

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида эски уйлар нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 12 фоизга, янги уйлар эса 8,3 фоизга ошди. 

Жорий йил май ойидан бери бирламчи бозорда ҳам (1 метр квадрат учун майдаги 943,6 доллардан июлда 919,9 долларга), иккиламчи бозорда ҳам (891,1 доллардан 882,6 долларга) нархлар тушиб келмоқда.  

Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Мирзо-Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманаларида уйлар нархлари Тошкент шаҳри бўйича ўртача нархидан юқори бўлмоқда —  янги уйлар 1 метр квадрат учун 957,2 доллар, эски уйлар — 888,3 доллар. Энг паст нархлар эса Бектемир ва Сергели туманларида кузатилди. 

Уй-жой нархларининг жиддий ошиши бошқа давлатларда ҳам рўй берди. Масалан, Буюк Британияда уйлар нархи жорий йил июнь ойида йиллик 10,7 фоизга ошган. Йиллик инфляция эса 9,4 фоизга етган. 

Бу кўчмас мулк бозорида нархлар инфляцияга тезда реакция қилишини англатади. 

Global House Price Index маълумотларига кўра, юқори инфляция ва ипотека фоиз ставкаларининг кўтарилиши аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини чеклаган бўлишига қарамай, 2022 йил биринчи чорагида дунёнинг 56 мамлакатида уй-жой нархлари ўртача 10,2 фоизга ошган. 

Нархларнинг ўсиши глобал ўзгаришлар натижасида пул оқимларининг кўчмас мулк бозорига йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг 6 ойи давомида давлат дастурлари доирасида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари уй-жой бозорида фаолликнинг сақланиб қолишига катта хизмат қилган.  

Ўзбекистонда  2022 йил январь—июль ойларида 41,44 минг кишига 7,6 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари берилди. 

Таққослаш учун, 2021 йил январь—июнь ойларида 25,3 минг кишига 3,5 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган эди. 

 

Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида уй-жойга бўлган талаб деярли ўзгаришсиз қолган бир пайтда нархларнинг ошиши қурилиш компаниялари ҳамда мулк эгаларининг инфляция ва сўм алмашув курси бўйича кутилмалари билан изоҳланиши мумкин. 

Сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши 2019 йилда 14 фоиз, 2020 йилда 10,2 фоиз ва 2021 йилда 3,4 фоизни ташкил этган. 

Сўнгги 3 ойда уй-жой нархларининг тушиши эса ушбу даврда сўмнинг долларга нисбатан қадрининг мустаҳкамланганлиги (2,6 фоизга) билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар