Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Бир давлат органида яқин қариндошлар ишлаши ва юқори лавозимларни эгаллаши чекланади. Бу ҳақда 8 август куни президент имзолаган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида белгиланган. Кеча, 9 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов мазкур модда тўғрисида гапирди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Қоннунинг ушбу моддасида давлат хизматчиларига бир қатор чекловлар қўйилган. Улардан бири – қариндош-уруғчилик билан боғлиқ банддир.

Отабек Ҳасановнинг айтишича, қонун билан бир давлат ташкилотида яқин қариндошларнинг бирга ишлаши ва юқори лавозимларга тайинланиши ман этилади.

«Қонунда ўзаро яқин қариндошлар айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши, бирга хизмат қилиш жараёнида улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига чеклов қўйиляпти. Оддий мисол, сиз давлат ташкилотида департамент раҳбари бўлсангиз, туғишган укангиз қўлингизда бош мутахассис бўлиб ишлаши мумкин эмас. Лекин Конституцияга кўра, умумий ташкилотда ишлаш ҳуқуқига эга. Ҳужжатда тўғридан-тўғри сизнинг раҳбарлигингиздаги яқин қариндошларингиз ишлаши мумкин эмаслиги аниқ чеклов билан белгилаб қўйиляпти», – деди агентлик расмийси.

Қонунда яқин қариндошлар тоифасига ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар ва фарзандлар киритилган. Шу билан бирга, эр-хотинга қуда томондан қариндош бўлган шахслар, хусусан, ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар ва қизлар киритилган.

Отабек Ҳасановнинг таъкидлашича, қонун кучга киргач, бир давлат ташкилотида ишлаётган яқин қариндошлар ротация қилинади.

«Қонун 3 ойдан кейин кучга киради. Шу муддат мобайнида биз тўғридан-тўғри ушбу категорияда ишлаётган одамларни аниқлаймиз. Ротация деган модда бор. Уларга ротация тизими жорий этилади», – деди у.

Аввалроқ Отабек Ҳасанов давлат ташкилотларида бўш иш ўринларига талаб 50 бараварга ортганини маълум қилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар