Ўзбекистон ва Қирғизистон баҳсли чегара бўйича барча масалаларни 2022 йилда якунлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «24.кг» хабар берди.
Маълум қилинишича, 9 август куни Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат вакиллари делегациялари ўртасида икки давлат чегарасининг муайян ҳудудларини демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар бошланди.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси махсус вакили Назирбек Борубаевнинг сўзларига кўра, томонлар қирғиз-ўзбек чегарасининг илгари келишилмаган қисмлари бўйича позицияларни аниқлаштириш ниятида.
Унинг қайд этишича, бугунги кунда мамлакатлар чегарасининг 1170 километр қисми аниқлаштирилган, эндиликда қолган қисмлар масаласини ҳал қилиш лозим. Назирбек Борубаевнинг таъкидлашича, икки мамлакат ҳукуматлари чегара масаласини 2022 йилнинг ўзида ҳал қилишни режалаштиришмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 85 фоизи аниқлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 17 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари раҳбарлари вертолётда қирғиз—ўзбек чегарасининг белгиланмаган қисмини кўздан кечирганди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийларининг икки мамлакат чегарасини демаркация қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари бўйича 4–8 июль кунлари Андижонда бўлиб ўтган навбатдаги маслаҳатлашувда томонлар давлат чегаралари демаркацияси жараёнини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиққанди.
Мавзуга доир: Ўзбекистон—Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома лойиҳаси бўйича келишувга эришилди
Изоҳ (0)