Фарғонада фуқаронинг 1,2 млн сўмлик телефонини олиб қочган шахс ушланди
Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини олиб қочиб кетган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1 август куни Х.Д. исмли шахс шаҳарнинг 8 март кўчасида жойлашган МЧЖда ишлаётган Ў.И. исмли фуқаронинг олдига келиб, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, ёнида бўлган, нархи 1 миллион 200 минг сўмлик «Samsung J2» уяли телефон аппаратини очиқдан очиқ равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳри ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Маълумот учун, ушбу жиноятни содир этган шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.