Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкларини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда агентлик директори Акмал Бурхонов Сенат ялпи мажлисидаги маърузасида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Акмал Бурхоновнинг айтишича, қонун ишлаб чиқиш билан бирга, мансабдорлар даромадлари ва мол-мулкини очиқ кўрсатадиган тизим ҳам яратилган.

Ўзбекистон президентининг 2021 йил 6 июндаги фармонида давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг масъул раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларнинг даромад ва мол-мулкини мажбурий декларациялашдан ўтказиш тизимини жорий этиш белгиланган. Агентлигимиз Ахборот технологиялари вазирлиги, Жаҳон банкининг экспертлари билан биргаликда бу тизимни яратдик. Яъни техник қисмини ишлаб чиқдик. Бугунги кунда тизимга 40 та вазирлик ва идораларнинг ахборот базаларини уладик. Яъни тизим тайёр ҳолатда.

Бундан ташқари, «Давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкларини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиқдик. Сизлар (сенаторлар–таҳр.) томонидан маъқулланган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунда ҳам ушбу масала белгилаб ўтилган. Бундан буён, давлат фуқаролик хизматчиларини даромад ва мол-мулки мажбурий декларация қилиниши белгиланди. Агар бу қонунлар қабул қилиниб, кучга кирадиган бўлса, албатта, биз тизимнинг ишлаб кетишига шароитларни яратдик, – деди агентлик раҳбари.

Акмал Бурхоновнинг таъкидлашича, барча вазирлик ва идоралар мазкур тизимга ўз базаларини улашга рухсат берган.
Бошқа давлатларникидан бу тизимнинг катта фарқи шундаки, сиёсий ирода бўлгани учун барча вазирлик ва идоралар бизга ўзларининг базаларига уланиш имкониятини беришди. Яъни энди давлат хизматчилари тизимга ўзларининг исм-фамилияларини киритсалар бўлди. Уларнинг мол-мулки ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда, тўлиқ чиқиб келади. Бу инсон омилини қисқартирадиган тизимдир. Ўйлайманки, қонунларимиз қабул қилинса, бу тизимнинг ишга тушиши таъминланади, – деди ташкилот расмийси.
Аввалроқ Акмал Бурхонов 2021 йилда содир этилган коррупциявий жиноятлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда аҳолида коррупцияга нисбатан қарашлар бўйича ўтказилган сўровлар натижаларини маълум қилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар