Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтингдаги ўрни юқорилаб бормоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Сенат ялпи мажлисидаги маърузасида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Акмал Бурхоновнинг айтишича, кўрсатгичлар йилига 6-7 поғонага ўсиб бормоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланишига эришилмоқда. Масалан, Transparency international халқаро ташкилоти рейтингида Ўзбекистон 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 7 поғона юқорилаб, дунё миқёсида 146-ўринни эгаллаган. 2021 йилда 6 поғонага юқорилаб, 140-ўринни эгаллади ҳамда индекс баҳосида қаторасига 5 йил давомида барқарор ўсишга эришди, – деди агентлик раҳбари.Акмал Бурхонов ҳисоботида келтиришича, республикада 2021 йилда содир этилган коррупциявий жиноятлар сони 2020 йилга нисбатан анча ошган.
Статистик ҳисоботларга кўра, 2020 йилда республика бўйича 1 минг 148 та коррупциявий жиноят ишлари судга юборилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 3 минг 769 тани ташкил этган. Масалан, ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 56 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Шундан 7 миллиард сўмлик камомад ва ўзлаштиришларга йўл қўйилган, 12 миллиард сўмлик мақсадсиз харажатлар қилинган. Давлат бюджетига етказилган 9 миллиард сўмлик зарарнинг ундирилишига эришилган, – деди у.Аввалроқ агентлик раҳбари аҳоли ва ёшлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаларини маълум қилганди. Унга кўра, 36 фоиз аҳоли коррупция, порахўрлик ва тамагирлик ҳамма жойда мавжуд деб ҳисоблайди. Ёшларнинг 39 фоизи пора беришни коррупция деб ҳисобламайди.
Изоҳ (0)