Қорақалпоғистонда интернет ишлай бошлагани хабар берилганди. «Дарё»нинг ҳудуддаги мухбири Шуҳрат Саидаҳмадовнинг маълумот беришича, айни пайтда интернет ўчган.
«Соат 14:30 да яхши ишлай бошлаган интернет 16:00 яна ўчди. Айни пайтда телефонда 4G белгиси бор. Аммо интернет йўқ», — дейди «Дарё» мухбири.
Қорақалпоғистонда интернетнинг узилишига Нукус воқеалари сабаб бўлганди.
2022 йил 1 июль куни соат тахминан 15:00 лардан бошлаб Нукусда айрим фуқаролар амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилди. Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирилди. Жамоат тартибининг бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиб бузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилди.
Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борди ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси референдумдан кейингина қонуний тусга киришини айтиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгариб, такомилига етказилишини таъкидлади.
Изоҳ (0)