15 июль куни АҚШ президенти Жо Байден Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз ал Сауд билан музокаралар ўтказди, учрашувда амалда мамлакатни бошқараётган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳам иштирок этди. АҚШ шаҳзодани саудиялик журналист Жамол Қошиқчига суиқасд уюштирган ва мухолифатчи саудияликларни қувғин қилган шахс деб билади. Байденнинг Яқин Шарққа сафардан асосий мақсадига айланган Саудия Арабистонига ташрифи АҚШда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. АҚШ президентини Жиддага нима етаклаб келгани ҳақида Meduza ҳикоя қилади.
Жо Байден Исроилдан Саудия Арабистонининг иқтисодий пойтахти Жиддага учиб келди — тарихда биринчи марта АҚШ президенти ушбу йўналишда тўғридан-тўғри рейсни амалга оширди. 15 июль куни Жиддада Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон ва Саудия Арабистони давлатларини ўз ичига олган Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу йилги йиғилишда Миср, Ироқ ва Иордания ҳам иштирок этди.
Исроилда Байден бош вазир Яир Лапид билан музокаралар олиб борган, Ҳиндистон, Исроил ва БАА раҳбарлари билан тўрт томонлама онлайн саммитда иштирок этган ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан музокаралар ўтказган эди. Президентнинг Саудия Арабистонига ташрифидан мақсад 2018 йилда журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилганидан сўнг мамлакатлар ўртасида ёмонлашган муносабатларни тиклаш, шунингдек, энергетика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш эди.
АҚШ президентининг ташрифи узоқ тарихга эга. 2019 йилда президентликка номзод сифатида дебатда нутқ сўзлаган Байден, президент Барак Обамадан фарқли ўлароқ, у Қўшма Штатларни бошқарса, Саудия Арабистонига қурол сотмаслигини, аксинча уни «ғариб» қилиб қўйишини, бу мамлакатни қилмишларига жавоб беришга мажбур қилишини айтган. Шунингдек, у Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукумати «жуда кам ижтимоий аҳамиятга эга» эканини таъкидлаган. Аммо энди Байден айнан шу ҳукумат билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳал қилишга мажбур бўлмоқда. Эрон ядро қуролини яратишга тайёрланаётган, Россия эса Украинага босқинидан кейин жорий этилган санкциялар туфайли тушиб кетган мавқейини яхшилаш учун жаҳон нефть ва газ бозоридан фойдаланиши мумкин бўлган бир пайтда АҚШга Саудия каби иттифоқчи керак.
15 июль куни бўлиб ўтган ташриф чоғида АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида энергетика, алоқа, коинот, соғлиқни сақлаш, тоза энергия, атом энергетикаси ва уран қазиб олиш соҳаларида 18 та ҳамкорлик шартномаси имзоланди, шунингдек, Эроннинг ядро қуролига эга бўлишини олдини олиш зарурлиги ҳақида келишиб олинди.
Июль ойи бошида, Яқин Шарққа ташриф буюришдан олдин, Байден The Washington Post газетасида «Мен Саудия Арабистонига нима учун кетяпман?» деб номланган мақола ёзган эди. Унда Байден президентлик муддати бошида унинг маъмурияти дуч келган Форс кўрфази мамлакатларидаги сиёсий вазиятни тасвирлаб берди ва жамоаси қўлга киритган муваффақиятларни қайд этди:
Ироқда биз АҚШнинг жанговар миссиясини якунладик ва ҳарбий иштирокимизни ироқликларни ўқитишга қаратдик, шу билан бирга ИШИДга қарши мен вице-президент бўлганимда яратилган глобал коалицияни қўллаб-қувватладик, ҳозир бу коалиция ИШИДнинг қайта тикланишини олдини олишга йўналтирилган. Америкаликларга қарши таҳдидларга ҳам жавоб қайтардик. Эрон ҳомийлигидаги ҳужумлар сони икки йил олдингига нисбатан кескин камайди. Ўтган февраль ойида Сурияда биз ИШИД етакчиси Ҳожи Абдуллоҳни йўқ қилдик, шу орқали террор таҳдидлари қаерда яширинишга уринмасин, Америка уларни бартараф эта олишини намойиш этдик.Муваффақиятлар қаторида Байден Саудия Арабистони Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг олти давлати ўртасида бирдамликни тиклашга ёрдам берганини, шунингдек, Яман билан сулҳни тўлиқ қўллаб-қувватлаганини, бунга Саудия қироли Салмон бин Абдулазиз ал Сауд ёрдамида дипломатия йўли билан эришилганини таъкидлади. «Натижада Яманда бир неча ойдан буён сўнгги етти йил ичидаги энг тинч вазият ҳукм сурмоқда», — дея хулоса қилган Байден.
Шу билан бирга, президент 2021 йилнинг февралида Қўшма Штатлар саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича АҚШ разведкаси ҳисоботини эълон қилганини, шундан сўнг Саудия Арабистонининг тезкор ҳаракат кучлари ва қотилликка алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилганини эслатиб ўтди. Ўша пайтда The New York Times манбаларининг айтишича, Байден суиқасднинг асосий буюртмачиси ҳисобланган Саудия шаҳзодасининг ўзига нисбатан санкциялар қўллашни ноўрин деб ҳисоблаган. АҚШ президентининг фикрича, бу чора икки давлат муносабатларини ёмонлаштириши мумкин, дейди манбалар.
WP’да мақоласи чоп этилишидан бир ой олдин Байден журналистларга шаҳзода билан шахсий учрашувни режалаштирмаётганини айтганди: у шаҳзода билан мулоқоти фақат кенг доирадаги иштирокчилар билан халқаро учрашувлар доирасида бўлишини айтган.«Менинг маъмуриятим АҚШ бирорта ҳукуматнинг диссидентлар ва фаолларга нисбатан мамлакатидан ташқаридаги таҳдидлар ва таъқибларига тоқат қилмаслигини аниқ қилиб билдирган», — деган Байден ўз мақоласида Муҳаммад бин Салмонга ишора қилиб. АҚШ президенти Жиддага бориш қарорини танқид қилганларга шундай жавоб берган:
Аввал бошиданоқ мақсадим 80 йилдан буён стратегик шерик бўлиб келган давлат билан муносабатларни бузмаслик, йўналишни ўзгартириш эди.15 июль куни Байден Саудия қироли ва шаҳзодаси билан учрашди. У қирол билан қўл бериб кўришди, шаҳзода билан эса муштини муштига уриб саломлашди – президент буни коронавирус чекловлари билан изоҳлади. Президент саудияликлар билан учрашувдан бир неча кун олдин Исроилда ҳам қўл сиқиш ўрнига мушт уриб саломлаша бошлаган, ваҳоланки, бундан олдин АҚШда у бошқа сиёсатчилар билан фаол қўл бериб кўришар эди. Исроилда Байден суҳбатдошлари билан бир неча бор қўл бериб ҳам саломлашди. CNN журналистларининг тахминича, протокол хизмати валиаҳд шаҳзода Муҳаммад билан қўл беришишдан қочиш учун президентнинг саломлашув тарзини атай ўзгартирган.Саудия Арабистонига бориш қароримдан кўпчилик норозилигини биламан. Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги қарашларим узоқ йиллардан бери аниқ қилиб белгиланган. Чет элга шу жумладан, Исроил ва Ғарбий Соҳилга сафаримда ҳам асосий эркинликлар масаласи ҳамиша кун тартибимда бўлади.
АҚШ президентининг кейинчалик журналистларга маълум қилишича, саломлашувдан кўп ўтмай, Байден шаҳзодага журналист Қошиқчининг ўлими учун уни жавобгар деб билишини «тўғридан-тўғри ва қатъий қилиб» айтган. Президентнинг сўзларига кўра, бунга жавобан Муҳаммад журналистнинг ўлдирилишига жавобгар эмаслигини айтган, Байден эса шаҳзодани айбдор деб билишини яна такрорлаган.
Учрашувда иштирок этган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Адел ал-Жубайрнинг журналистларга айтишича, у валиаҳд шаҳзоданинг айбланаётганини эшитмаган, бироқ вазир Байден чиндан ҳам инсон ҳуқуқларининг аҳамияти ва Жамол Қошиқчи иши ҳақида гапирганини тасдиқлади.
АҚШда жойлашган «Араб дунёси учун демократия ҳозир» (DAWN) қонун ҳимоячилари гуруҳи 15 июль куни журналист Қошиқчининг адвокати, АҚШ фуқароси ва ташкилот директорлар кенгаши аъзоси Асим Ғофур БААда сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олинганини маълум қилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Жо Байденни Жиддада БАА расмийлари билан учрашувда Ғафурнинг ҳибсга олинишига эътибор қаратишга ундаган.
Байденнинг ташрифи халқаро изоляцияда бўлган Россия ва Эрон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик юзага келиши фонида бўлиб ўтди. Аввалроқ Оқ уй разведка маълумотларига таяниб, Эрон Россияга Украинадаги ҳарбий амалиётларда қўлланиши мумкин бўлган дронларни етказиб бермоқчилиги ва россиялик аскарларни уларни бошқаришга ўргатмоқчилиги ҳақида хабар қилганди. Теҳрон бу хабарни рад этди.
16 июль куни CNN АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливанга таяниб, Россия делегацияси июнь ва июль ойининг бошларида Эроннинг Кашан аэродромига ташриф буюриб, аниқ бошқариладиган ракеталарни ташишга қодир Шаҳед-191 ва Шаҳед-129 жанговар дронларини ўргангани ҳақида хабар берди.
Изоҳ (0)