Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Иқтисод фанлари номзоди Фарҳод Қурбонбоев Конституцияга қатор ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бўйича ўз таклифларини билдирди.

Биринчи таклиф. Лойиҳада Конституциямизнинг 37-моддаси муҳим қўшимча билан тўлдирилмоқда. Унда ёзилишича «Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши керак».

Бу нормани киритиб, лойиҳа муаллифлари жуда олижаноб, эзгу мақсадларни кўзлашган албатта. Лекин, фикримизча, иқтисодиётимизнинг ҳозирги аҳволи, «кўрпага қараб оёқ узатадиган» бўлсак, бу нормани ҳаётга татбиқ этиш имкониятини бермайди. Айни пайтда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 920 минг сўмни ташкил қилади. Инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши учун бу суммани бир неча баробар оширишга тўғри келади. Бундай оширишни давлат бюджети ва тадбиркорлик субъектлари «кўтара» олмайди. Маълумот учун: Молия вазирлигининг маълумотларига қараганда, 2021 ноябрь ойида ойлик иш ҳақи олувчиларнинг 34,5 % 1 млн. сўмгача маош олишган.

Шу сабабли қанчалик хоҳламайлик, ушбу нормани Асосий қонунимизда ҳозирча белгиламаганимиз маъқул. Зеро, бундай норманинг Бош Қомусда белгиланмаслиги амалда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини имкониятдан келиб чиқиб ошириб боришга ҳеч қандай тўсиқлик қилмайди.

Иккинчи таклиф. Фикримизча, лойиҳада соғлиқни сақлаш ва таълим олиш бобидаги ҳақ-ҳуқуқларни белгиловчи Конституциямиз моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар жамоатчилигимиз, иқтисодчи-мутахассислар, иқтисодий бошқарув органлари мутасаддиларининг бир қисмида шаклланган «бозор романтизми» ғоясига асосланган.

«Бозор романтизми» - жамият ҳаётининг барча жабҳаларини бозор тамойиллари асосида қуриш мумкин деган ғоя асли нотўғри ғоядир. Бозор тамойиллари — хусусий мулк, рақобат, фойда олиш мақсади — реал иқтисодиётга, асосан, моддий ишлаб чиқаришга хос тамойиллар. Ижтимоий соҳа — соғлиқни сақлаш, таълим, маданий, маънавий, ахборот соҳаларида бозор тамойиллари тўлалигича ишламаслиги керак ва бу соҳалар тўлиқ маънода тадбиркорлик фаолиятининг турларига айланмаслиги даркор. Хусусан, одамлар кўпроқ касал бўлишидан моддий манфаатдор бўлган бизнес-тиббиёт шаклланишига йўл қўймаслик лозим!

Шундан келиб чиқиб, лойиҳа бўйича Конституциянинг 40-моддаси учинчи қисмидаги соғлиқни сақлаш соҳасига доир «хусусий ва бошқа тизимларини» сўзларини «нодавлат тизимларини» сўзлари билан алмаштириш лозим. Худди шундай таълим соҳасига доир 41-модданинг саккизинчи қисмидаги «хусусий ва бошқа шаклдаги» сўзларни «нодавлат» сўзи билан алмаштириш лозим.

«Хусусий» деганда, одатда, тадбиркорлик тушунилади. Тадбиркорлик – фойда олиш мақсадидаги фаолият. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги нодавлат ташкилотлар хусусий бизнес тузилма эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) шаклида бўлиши лозим. Акс ҳолда хусусий тиббиёт ташкилотлари одамлар кўпроқ касал бўлишидан манфаатдор бўлади. Мос равишда, таълим соҳасидаги нодавлат ташкилотлар ҳам хусусий бизнес тузилма эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари шаклида бўлиши лозим.

Учинчи таклиф. Конституциямиз 53-моддасининг амалдаги ва таклиф қилинаётган таҳририда «Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади» дейилган. Бу жумладан «Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган» сўзларини чиқариб ташлашни таклиф қилган бўлардик.

«Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган» деганда мақсад бозор иқтисодиёти бўлиб чиқяпти. Бозор иқтисодиёти эса – бу, бир сўз билан ифодалаганда, тадбиркорликдир. Тадбиркорлик – фойда олиш мақсадидаги фаолият. Тадбиркорларнинг фойда олиши уларнинг мақсади, лекин жамиятнинг мақсади эмас!

Тадбиркорлик, яъни бозор иқтисодиёти жамият, халқ моддий фаровонлигини, мамлакат иқтисодий қудратини таъминловчи ВОСITА. Восита мақсад бўлиши мумкин эмас. Самарали бозор иқтисодиётини қуриш учун Конституцияда барча мулк шакллари, жумладан хусусий мулкнинг ҳуқуқий жиҳатдан тенглиги, дахлсизлиги ва муҳофаза қилиниши етарлича кафолатланган.

Тўртинчи таклиф. Лойиҳада 53-модданинг еттинчи қисми товарларнинг, хизматларнинг, ишчи кучининг ва молиявий маблағларнинг ҳаракатланишини қонунчиликка мувофиқ чеклашга қаратилган чора-тадбирларни қўллаш зарурати юзага келадиган ҳолатларни белгилайди. Таклифимиз шундан иборатки, бундай зарурий ҳолатлар рўйхатига, албатта, солиқ мажбуриятлари бажарилиши заруратини қўшиш лозим. Чунки солиқ қонунчилиги ижросини таъминлаш мақсадидаги товарлар ва молиявий маблағлар ҳаракатини кузатиш, назорат қилиш ва зарур ҳолатда чеклаш – барча иқтисодиётларга хос умумий амалиётдир.

Бешинчи таклиф. 53-модда яна «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди» дейилган тўққизинчи қисм билан тўлдирилмоқда.

Фикримизча, бу қисмни чиқариб ташлаш лозим. Чунки жамиятимизда, афсуски, коррупция иллати мавжуд. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш коррупцион ҳаракатлар содир этилиши натижасида амалга оширилган бўлиши эҳтимоли юқори. Бундай шароитда ушбу норма амалда жамиятимизнинг ўта бой ва ўта камбағаллар синфи бўйича табақаланишига, иқтисодиётимизнинг «олигарх»лашишига олиб келиши мумкин.

Фарҳод Қурбонбоев, иқтисод фанлари номзоди

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди