Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 5 июль куни Tico ва «ВАЗ-2106» иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Қайд этилишича, ҳолат шу куни соат тахминан 15:00-16:00 лар атрофида Учкўприк тумани Сариқўрғон қишлоғи ҳудудидан ўтувчи Марғилон—Риштон—Ўқчи—Конибодом автомобиль йўлининг 60-километрида содир бўлган. Tico автомашинаси ҳайдовчиси (1987 йилда туғилган) Р.I. қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи (1980 йилда туғилган) О.О. бошқарувидаги «ВАЗ-2106» автомашинаси билан тўқнашган.ЙТҲ оқибатида Tico машинаси ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлган. Ушбу автомашина йўловчиси Фурқат туманида яшовчи 1996 йилда туғилган У.Н. бош мия ёпиқ шикасти ташхиси билан, «ВАЗ-2106» ҳайдовчиси О.О. эса ўнг оёқ қисмининг ёпиқ синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
«Дарё» манбасининг маълум қилишича, Tico ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчи Фурқат тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари бўлган. Уларнинг икки нафари оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига олиб кетилгани айтилмоқда.
Бахтсиз ҳодиса муносабати билан Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси вафот этган ходимининг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Қайд этилишича, бахтсиз ҳодиса оқибатида турли даражада тан жароҳати олган солиқ инспекцияси ходимлари Н.Ў. Қўқон шаҳар марказий шифохонасида, Х.Э. эса Учкўприк тумани марказий шифохонаси жонлантириш бўлимида даволанмоқда.