Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 6 июль куни АҚШда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, мулоқотда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди.
Бош котиб Ўзбекистоннинг 2022 йил 26 июль куни Тошкент шаҳрида «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Мазкур форумда БМТдан юқори даражадаги вакиллар иштирок этади.
Антониу Гутерриш Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишлари ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан тинглади.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.