Бухоро вилоятида жойлашган 7 та маданий мерос объектлари Ислом олами маданий мероси рўйхатига олинди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 3—6 июль кунлари Марокко қироллигида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилотининг (ICESCO) 10-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Бухорода жойлашган 7 та маданий мерос объектлари Ислом олами маданий мероси рўйхатига олиниб, сертификатлар топширилди.
«Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пойи калон ансамбли, қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасасига тегишли сертификатлар ICESCO бош директори Салим Ал Малик томонидан топширилди. Юртимиз тарихига оид обидаларнинг ICESCO рўйхатига олиниши бой маданий меросимизни бутун дунёга тарғиб этишда, хусусан, Ислом оламида маданиятимиз янада танилишида катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон ҳудуди тарихан Ислом ривожига катта ҳисса қўшган ўлка ҳисобланади», — дейилади манба хабарида.
Изоҳ (0)