Еврокомиссия (ЭК) президенти Урсула фон дер Ляен ташкилот Европа Иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамда G20 мамлакатларини ўз ичига олган халқаро платформа яратиш масаласини кўриб чиқишини айтди. Янги платформанинг асосий вазифалари Украинани тиклаш, уни ислоҳ қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегик ташаббусларни ривожлантириш бўлиши керак.
«Биз Украинани қайта тиклаш бўйича комиссияга Европа Иттифоқи ёки халқаро молия институтлари томонидан глобал ташаббуслар бўлувчи платформа яратиш таклифини киритдик. Уни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва G20нинг барча давлатлари ҳамда албатта, Украинанинг АҚШ, Буюк Британия ёки Канада каби бошқа дўстлари ҳам қўллаб-қувватлади. Мен бошқарувга жуда катта эътибор бераман, чунки биз Украинани қайта тиклаш бўйича аниқ режа борлигига ва инвестициялар ислоҳотлар билан боғлиқлигига ишонч ҳосил қилмоқчимиз», дейди фон дер Ляен хоним El Diario нашрига берган интервьюсида.
Еврокомиссия раҳбари ишлаб чиқилаётган платформанинг аниқ ваколатлари ва унинг иштирокчилари таркибига аниқлик киритмади. Эслатиб ўтамиз, Россия ҳам G20 аъзоси ҳисобланади.
Май ойида Украина президенти Владимир Зеленский Ғарб давлатларини мамлакатнинг Россия ҳарбий амалиётидан жабрланган ҳудудларини тиклашда иштирок этишга таклиф қилган эди. Унинг фикрича, бундай «ҳомийлик лойиҳаси» мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва Европа барқарорлигига сармоя киритишнинг янги намунаси бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)