Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашув ўтказди. Унда ноқонуний намойишларнинг оқибатлари ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, бир гуруҳ шахслар 1 июль куни Нукус шаҳрида сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарган, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринган.
Улар 2 июль куни жамоат тартибини бузишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, республиканинг маъмурий марказидаги асосий кўчаларда бузғунчи ҳаракатларни давом эттирган. Бундан ташқари, тартибсизликларда қатнашган айрим кимсалар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувларни келтириб чиқаришга, қўриқланадиган ҳудудларга зўравонлик билан бостириб киришга уринган, биноларга тош ва турли буюмлар отишган.
Шаҳар бўйлаб юриш давомида улар инфратузилма объектларига сезиларли даражада зарар етказишган. Биноларнинг ойналарини синдириб, ёнғинлар содир этган. Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринган.
Улар сон жиҳатига кўра нисбий устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилган, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказган.
«Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор», — дейди президент.
Изоҳ (0)