Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 4 июль санасидан бошлаб пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» мутахассиси, иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов «Дарё» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Эркин Абдулаҳатов

Эркин Абдулаҳатов
Фото: «Дарё»

Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, юқори ҳаво ҳароратининг сутка давомида пасаймаётгани бир неча омилларга боғлиқ.

Ҳозир ҳаво ҳароратининг юқори даражада исиши фақат бизда эмас, бутун дунёда кузатилаётган ҳодиса. Масалан, шимолий Америка, шимоли-шарқий Осиё, Хитой, Япония, Корея, Россиянинг шарқи ва ғарбида бир вақтнинг ўзида юқори иссиқ ҳарорат кузатилмоқда. Шу билан бирга, шимолий Африка мамлакатлари, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисми, Покистонда ҳам ҳарорат жуда иссиқ.

Ўзбекистонда кузатилаётган иссиқ ҳарорат жанубдан Эрон ва Туркманистон ҳудудларидан паст босимли ҳаво оқимлари кириб келиши фонида рўй бермоқда. Иссиқ ҳаво тўлқини 41-43 даража, чўл, шимол ва жанубий ҳудудларда +46 даражагача иссиқни ташкил этмоқда. Авваллари Марказий Осиёдаги бу каби иссиқ ҳаво тўлқинлари Россиянинг шимолигача етиб бормас эди. Ҳозир эса кўплаб бизнинг минтақадан ўтган иссиқ ҳаво соҳаси бемалол Шимолий муз океанига ҳам етиб бормоқда. Натижада у ерларда ҳарорат 30-32 даражали рекорд иссиқни беряпти. Яқинда Россиянинг энг шимолий аҳоли яшаш маскани бўлмиш Норилскда ҳарорат +32 даражага етди. Мазкур қиймат қутб доираси учун рекорд даражада экстремал иссиқ ҳароратдир. Бу шимолда ҳам айни мавсум совуқ ҳаво оқимлари билан боғлиқ вазият яхши эмаслигини англатади. Шунинг учун бизда ҳозирги иссиқлар давомли ва кучлироқ кузатилмоқда.

Бугунги ҳароратнинг олдинги иссиқлардан фарқи шундаки, авваллари 40 даражадан юқори ҳарорат масалан, Тошкент шаҳрида сутканинг соат 13-14 муддатларидан бошланган, ҳозир соат 12 бўлмасидан +40 даражадаги ҳарорат қайд этила бошланяпти. Бу иссиқ ҳаво тўлқинлари минтақамизда ҳар қачонгидан кучли ва кўпроқ давом этганини англатади. Ўз навбатида мазкур ҳолат автомат тарзда сутка давомидаги ўртача ҳаво ҳароратини ҳам кўтариб юборади. Тошкентда 1997 йил 18 июлда ҳаво +44,6 даража иссиқ бўлган. У пайтларда +40 даражали иссиқ ҳарорат 2-3 соат атрофида давом этган. Яъни ҳаво ҳарорати дарров кўтарилиб, тез пасайган. +40 даражадан юқори ҳароратлар кузатилган йилларда тунлари +20 +24 даражалик бироз мўътадил ҳаво ҳарорати қайд этилган. Ҳозир эса иссиқ ҳаво оқимлари таъсирида сутканинг минимал ҳароратлари +28 даража ва ундан бироз паст кузатиляпти. Охири йиллардаги 40 даражадан юқори кузатилган иссиқлар олдинги давр ўтмишга нисбатан 1-2 соатга узайди. Бундан олдинлари аҳоли ҳозиргичалик иссиқни юқори ва узоқ муддат ҳис қилмаган хулоса келиб чиқади.

Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 5 кундан сўнг ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда.
Келаётган дам олиш кунлари республиканинг шимол, марказий ва Тошкент вилояти аҳолиси бироз паст ҳароратлар гувоҳи бўлади. Лекин, бу жуда ҳам паст ва қулай ҳаво ҳарорати эмас. Ушбу минтақаларга ҳафта бошида яна жазирама қайтади. Ёзда азалдан жазирама иссиқ кунлар кетидан шимол юртлардан юқори босимли антитциклон яъни совуқ ҳаво соҳаси кучли шамоллар билан кириб келган, ҳозир ҳам аномал иссиқ ортидан бу тенденция кузатилиши мумкин. Мазкур синоптик вазият тахминан 4 -5 июль кунларига тўғри келади. Яъни республикамизда 5 кунлардан сўнг ҳаво ҳароратининг тахминан ҳозиргидан 8-10 даражагача пасайиш эҳтимоли бор.

Бугунги кунда Россиянинг барча ҳудудларида совуқ ҳаво жабҳаси бўлмагани учун Эрондан иссиқ ҳаво массалари Ўзбекистонга бемалол чуқурроқ кириб келяпти. Олдин бунчалик давомли ва узоқ муддатли жазирама ҳаво оқимлари минтақамизга бу қадар чуқур кириб келмаган. Айтиш мумкинки, ҳозирда ҳаво ҳарорати иссиқлик жиҳатдан «пик»да турибди. Иссиқ ҳаво тўлқини шимоли-шарқда жуда ҳам секин ҳаракатланмоқда. Шунинг учун водий вилоятларидан ушбу иссиқ ҳаво тўлиқ чиқиб кетиши учун 5 кунларча вақт кетади. Бошқача айтганда, Сурхондарё ва Водий вилояти аҳолиси дам олиш кунлари бироз мўътадил бўлиши кутилаётган ҳаво оқимини ўзларида ҳис қилишмайди.  4 июлгача водий ва жанубий вилоятда иссиқ ҳаво сақланади.

Эркин Абдулаҳатов, иқлимшунос

Аввалроқ Ўзбекистонда 29 июнь куни қандай об-ҳаво бўлиши хабар қилинганди. «Ўзгидромет» маълумотларига кўра, бугун кундузи ҳудудлардаги ҳарорат +45 даражагача иссиқ бўлмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар