Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Сўнгги бир неча ойда бутун дунё нигоҳи Шарқий Европа, Украинага қаратилди. Дунёнинг энг кучли давлатларидан бири деб айтилувчи Россия мана неччи ойдирки, Украинада деярли муваффақиятга эриша олгани йўқ. Бу пайтда жаҳоннинг бошқа бурчагида яна бир қайноқ нуқта алангаланмоқда. Бу Шарқий Осиёдаги Тайван ороли атрофидаги можародир. Бу орол-давлат Хитой ҳудудий бирлиги ҳисобланади, бироқ тайванликлар Хитойга қўшилишига қаршилик қилмоқда. АҚШ эса Тайваннинг Хитой ҳудуди эканини тан олган ҳолда унинг Хитойга куч билан қўшилишига қарши чиқяпти. Хитой маъмурияти Тайванни қайтариш учун ҳарбий амалиёт ўтказиши мумкинлиги айтган бўлса, АҚШ президенти Жо Байден орол-давлатни ҳимоя қилиш учун куч ишлатишга тайёрлигини маълум қилди. Хўш, Европанинг шарқидаги уруш ўчоғи Осиёнинг шарқига кўчиши мумкинми? Дунё гигантлари: АҚШ—Хитой тўқнашуви ҳақиқатга қанчалик яқин? «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров ушбу саволга жавоб излади.

Хитой—Тайван қарама-қаршилиги қачон ва қандай пайдо бўлган?

Тайван ороли Хитой йилномаларида илк бор милодий 239 йили қайд этилади. Шу даврда илк Хитой экспедицияси Тайванни ўрганиш учун бу ерга келади. Ҳозирги Хитой айнан мана шу фактга асосланиб, Тайван унинг тарихий мулки эканлигини даъво қилади.

Орол бир неча юз йиллар давомида Хитойдаги империяларнинг таркибий қисми бўлиб қолади. 1624 йил Тайванга илк европаликлар: голландлар кириб келади ва оролни ўз мустамлакасига айлантиради. Аммо орадан кўп ўтмай (1683 йил) Хитойдаги Син сулоласи Тайванни қайтариб олади ва 1895 йилгача уни ўз таркибида ушлаб туради.

XVII асрдан бошлаб оролга Хитойдан кўплаб муҳожирлар кела бошлайди ҳамда қийинчиликлар ва маҳаллий аҳоли билан тўқнашувлар сабаб уларнинг катта қисми ортга қайтади.

Хитой Халқ Республикаси ва Тайван

Хитой Халқ Республикаси ва Тайван
Фото: АБC

Муҳожирларнинг аксарияти Фужиан (Фуканг) провинциясидан келган хан ва Гуандун провинциясидан келган ҳакка қабилалари эди. Бу икки қабиланинг авлодлари ҳозир кунда орол аҳолисининг катта қисмини ташкил қилади.

1895 йилда Биринчи Хитой-Япония урушида Япония ғалаба қозонгач, Син сулоласи ҳукуматининг Тайванни Японияга топширишдан бошқа чораси қолмайди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг урушдаги ғолиб давлатлардан бири бўлган Гомидан томонидан бошқарилувчи Хитой Республикаси иттифоқчилари – АҚШ ва Буюк Британиянинг розилиги билан Тайванни бошқара бошлайди. Мағлуб Япония эса оролга бўлган даъволаридан воз кечади.

Уруш тугагач Хитойда давом этаётган коммунистлар ва Гоминдан ўртасидаги фуқаролар урушида Мао Цзэдун бошлиқ коммунистлар қўли баланд кела бошлайди. Сун Ят Сендан сўнг Гоминдан партияси етакчисига айланган Чан Кай Ши қатор мағлубиятлардан сўнг, 1949 йил Гомидан ҳукумати қолдиқлари билан Тайванга қочиб келади.

Чан Кай Ши (чапда) ва Мао Цзэдун (ўнгда)

Чан Кай Ши (чапда) ва Мао Цзэдун (ўнгда)
Фото: Bestchinanews

Бу гуруҳ Тайванда қитъалик хитойлар деб аталади. Уларнинг сони ўша пайтда бир ярим миллион киши атрофида бўлган. Ушбу гуруҳ таркибида собиқ ҳарбийлар, ҳукумат аъзолари ва тадбиркорлар бор эди. Мао Цзэдун бошлиқ коммунистлар Пекинда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) тузилганини эълон қилгач, Чан Кай Ши Нанкиндаги Гоминдан пойтахтини Тайванга, Тайпей шаҳрига кўчиради ва ҳудудий Хитой Республикасини тузади. Шу тариқа Тайван ва Хитой бир-бирига душман давлатларга айланади.

АҚШ ҳукумати 1979 йилгача Тайвандаги Гоминдан ҳукуматини қонуний Хитой давлати вакили сифатида тан олиб келади. СССРдаги коммунизм билан рақобатда бўлган АҚШ учун яна бир йирик коммунистик давлатнинг ташкил топиши табиийки ёқимсиз янгилик эди. Шу боис Қўшма Штатлар Тайванни фаол равишда қўллаб-қувватлайди ва 1954 йил Тайванга ҳужум юз берган тақдирда уни ҳимоя қилиш ваъда берилган мудофаа тўғрисида шартномани имзолайди. 1979 йил АҚШ Хитой ва СССР муносабатлари ёмонлашуви фонида Хитой бўйича ўз сиёсатини ўзгартиради ва ХХРни Хитойнинг қонуний ҳукумати деб тан олади. Шу йили Тайпейдаги АҚШ элчихонаси Пекинга кўчирилади ва АҚШ Тайван билан расмий алоқаларни тўхтатади. Натижада АҚШ ва Тайван ўртасидаги «мудофаа шартномаси» амалда ўз кучини йўқотади. АҚШ бунинг ўрнига «Тайван билан муносабатлар тўғрисида Қонун»ни қабул қилади. Ушбу қонунда АҚШ Тайванни ХХР тажовузидан ҳимоя қилишга кафолат беради. Вашингтон Тайван ХХР ҳудуди эканини тан олишини, бироқ унинг куч билан қўшиб олинишига қарши эканини билдиради.

Чан Кай Ши даврида Тайван иқтисоди ўсишни бошлайди. 1950-1965 йилларда Тайван АҚШдан жами 1,5 миллиард долларлик иқтисодий, 2,4 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам олади. 1965 йилда Тайван мустаҳкам молиявий базага эга бўлгач, Америка ёрдами тўхтатилади.

Тайван эркин бозор қоидалари ёрдами билан жуда тез гуллайди ва дунёдаги энг йирик валюта захираларга эга давлатга айланади. Тан олинмаган Тайван республикаси Осиёнинг иқтисодий тўрт йўлбарсидан (Гонконг, Жанубий Корея ва Сингапур) бири ҳисобланади. 2000 йилдан сўнг Тайванда демократик тузум ўрнатилади.

ХХР ҳам бу даврда иқтисодий ва ҳарбий ўсишга эришади. Хитой жаҳон сиёсатидаги асосий ўйинчилардан бири бўлди. Тайвандан фарқли ўлароқ, ХХР қаттиқ яккапартиявийлик тузумда қолди ва Коммунистик партия мамлакатда демократия ўрнатмайди.

1980 йилларда бир неча ўн йиллик душманлик ва тажовузкор риторикадан сўнг, Хитой ва Тайван ўртасидаги муносабатлар яхшилана бошлайди.

Фото: Zuma

Хитой «бир мамлакат, икки тузум» деб номланувчи формулани илгари сурди, унга кўра Тайван Хитой билан қайта бирлашишга рози бўлса, унга муҳим автономия бериларди.

Таклиф рад этилди, аммо Тайван Хитойга ташриф буюриш ва сармоя киритиш қоидаларини соддалаштиради. Тайпей, шунингдек, 1991 йилда Хитой Халқ Республикаси билан уруш тугаганини эълон қилади. Иккала томоннинг норасмий вакиллари ўртасида ҳам чекланган музокаралар бўлиб ўтади.

ХХРънинг Хитой Республикаси(Тайвандаги ҳукумат)нинг ҳокимияти ноқонуний эканлиги бўйича позицияси ҳукуматлар ўртасидаги алоқаларга тўсқинлик қилиб келади.

Хитой 2000 йили Тайванда мустақиллик тарафдори бўлган Чен Шуйи-бян президент этиб сайланишидан хавотир билдиради ва у 2004 йилда қайта сайланганда, Пекин Тайван Хитойдан ажралиб чиқишга ҳаракат қилса, унга қарши «тинч бўлмаган воситалар»ни қўллаш имконини берадиган бўлинишга қарши қонунни қабул қилади.

2008 йилда Ма Йинг Жоу орол президенти этиб сайланади. У Хитой билан муносабатларни, асосан, иқтисодий келишувлар орқали яхшилашга интилади.

2016 йилги сайловларда эса яна мустақиллик тарафдори бўлган номзод, Сай Инг Вен Тайван раҳбарлигига сайланади. Шу йили АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трамп билан телефон суҳбати ўтказган Сай Инг Вен 1979 йилда алоқалар тўхтатилгандан сўнг АҚШ раҳбарияти билан расмий алоқа ўрнатган илк Тайван раҳбарига айланади.

2018 йил давомида Хитой халқаро компанияларга ўз веб-сайтларида Тайванни Хитойнинг бир қисми сифатида рўйхатга олиш учун босимни кучайтирди ва агар бу талаб бажарилмаса, Хитойда бизнес қилишни тақиқлаш билан таҳдид қилди.

ХХР ва Тайваннинг айни пайтдаги етакчилари: Си Цзиньпин (чапда) ва Сай Инг Вен (ўнгда)

ХХР ва Тайваннинг айни пайтдаги етакчилари: Си Цзиньпин (чапда) ва Сай Инг Вен (ўнгда)
Фото: Global Look Press

Ҳарбий тўқнашувлар

Бугунги кунга қадар Хитой ва Тайван ўртасида бир неча бор ҳарбий тўқнашувлар бўлиб ўтган.

1954 йил Биринчи Тайван инқирози юз беради. Хитой материк қирғоқлари яқинида жойлашган бир неча оролларни Гоминдан тортиб олади. Шу йили АҚШ ва Тайван ўртасида Вашингтон Тайван ҳимоясига кўмаклашишни ўз зиммасига олувчи «мудофаа шартномаси» имзоланади.

Фото: Twitter

Орадан тўрт йил ўтиб, Иккинчи Тайван инқирози юз берди. Тарихда «тўплар уруши» деб номланган бу уруш Тайван томонидан назорат қилинувчи икки оролни ХХР артиллерияси ўққа тутгач бошланади. Томонлар бир-бирига ҳаводан зарбалар беради. Тўқнашувга бу сафар АҚШ аралашади ва Тайванни ҳимоя қилиш учун самолётларини юборади. 1954 йилги «мудофаа шартномаси»га бу икки орол киритилмагани боис Америка кучлари фақатгина Тайван оролининг ўзини ҳимоя қилади, натижада АҚШ-Хитой тўғридан-тўғри тўқнашуви юз бермайди.

Учинчи Тайван инқирози 1996 йил, ХХР Тайвандаги сайловчиларга босим ўтказиш учун ҳарбий манёврлар амалга оширгач бошланади. АҚШ Хитойнинг ҳаракатларини қоралайди ва жавоб ҳаракати тариқасида Тайван бўғозига ўз кемаларини жўнатади. Президент Билл Клинтон 1979 йилги «Тайван билан муносабатлар тўғрисида Қонун» доирасида Тайванни ҳимоя қилишини эълон қилади ва можароли ҳудудга иккита самолёт ташувчи кемани юборади.

Тўплар уруши

Тўплар уруши
Фото: Getty Images

Бироқ АҚШ-Хитой тўқнашуви яна юз бермайди. Пекин вазиятни юмшатиш учун чоралар кўришга мажбур бўлади. Хитой дипломатик каналлар орқали АҚШдан ҳарбий кемаларни тўғридан-тўғри Тайван бўғозига жўнатмасликни илтимос қилади. АҚШ бунга жавобан Тайванни ҳимоя қилиш мажбуриятдан воз кечмаслигини маълум қилади. Лекин Америка кемалари бўғозга киритилмайди, улар бўғоз яқинидаги халқаро сувларда қолади. Ушбу инқироз таъсирида Тайван президенти «ягона Хитой» концепциясини тан олади, аммо бу жараён учун ҳали вақт борлигини айтади.

АҚШ-Хитой муносабатлари кейинги йилданоқ нормаллашади. 1997 йил ХХР раиси Сзян Сземин АҚШга, бир йилдан сўнг АҚШ президенти Билл Клинтон Пекинга ташриф буюради.

Ҳозирги вазият

Дональд Трамп ва Сай Инг Веннинг телефон мулоқотидан сўнг АҚШ Тайван билан деярли қайта расмий алоқалар ўрнатди. Бироқ Трамп биринчи суҳбатдан сўнг Хитой билан муаммолар олдини олиш учун Тайван раҳбари билан музокаралардан бош тортди. У буни Хитойнинг Шимолий Кореяни жиловлашда АҚШга ёрдам бераётгани билан изоҳлади.

Украинадаги уруш бошлангач дунё етакчилар, хусусан АҚШ нигоҳи Шарқий Европа томон йўналтирилди. Бу вақтда эса Хитой Тайванга яна қайта босим ўтказишни кучайтирди.

Фото: Getty Images

Тайван борасида муносабатларнинг кескинлашуви фонида ХХР АҚШни Тайван билан расмий алоқаларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. 2021 йил 16 декабрь бўлиб ўтган Байден ва Си Сзинпиннинг видеомулоқотида кўп мавзулар қаторида Тайван масаласи ҳам кўрилди. Бироқ Вашингтон ушбу музокаралардан бирон натижа чиқмаганини маълум қилди.

Шу йилнинг апрель ойида Хитой Тайван оролида яқинида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказилишини эълон қилди. Пекин буни АҚШ томонидан «тайванлик айирмачилар»га жўнатилаётган «жиддий нотўғри сигналлар» билан изоҳлади. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен шундан кейин Тайванни ҳар қандай эҳтимолий тажовуздан, шу жумладан Хитой томонидан бўладиган агрессиядан ҳимоя қилиш учун барча зарур воситалар билан таъминлашга ваъда берди.

АҚШдаги Хитой элчихонаси котиби Лю Пенюй бунга жавобан Вашингтонни «Хитой ва АҚШ ўртасидаги алоқаларга жиддий зарар етказмаслик учун» ўз гаплари ва ҳаракатларига эҳтиёт бўлишга чақирди. ХХР раҳбарияти Оқ Уйдагиларга «Тайван масаласи» — Хитойнинг ички иши эканлигини яна бир эслатиб ўтди.

27 апрель куни Пекин Америка эсминетси Тайван бўғозидан ўтгани сабабли Вашингтонга норозилик билдирди. АҚШ бунга жавобан кема халқаро ҳуқуққа мувофиқ равишда бўғоз орқали «оддий транзит»ни амалга оширганини маълум қилди.

23 май куни АҚШ президенти Жо Байден Япония ташрифи доирасида ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ Тайванни ҳарбий йўл билан ҳимоя қилишга тайёр эканини айтди. Байден ўт нутқида Хитойнинг ҳарбий амалиётлари ҳақида ҳам тўхталди: «Пекин «(Тайванга) яқин учиб ва бу манёврларни амалга ошириб, олов билан ўйнашяпти. Бизнинг Тайванга нисбатан сиёсатимиз умуман ўзгаргани йўқ: биз ҳамон Тайван бўғозида тинчлик ва барқарорликни сақлаб туриш ҳамда статус-кво бир томонлама ўзгартирилиши юз бермаслигини кузатиб туриш ниятидамиз». Шунингдек у АҚШ «ягона Хитой сиёсати» тарафдори эканлигини, бироқ бу «Хитойда Тайванни эгаллаб олиш учун кучдан фойдаланиш ҳуқуқи бор» дегани эмаслигини таъкидлади.

Си Цзиньпин (чапда), Сай Инг Вен (марказда) ва Жо Байден (ўнгда)

Си Цзиньпин (чапда), Сай Инг Вен (марказда) ва Жо Байден (ўнгда)
Фото: AP Photo

Орадан бир неча ҳафта ўтгач, Пекин Тайван мустақиллигига бўлган «ҳар қандай уринишларни қатъий равишда йўқ қилишини» айтиб, кескин раддия берди. 12 июнь куни Хитой Мудофаа вазири генерал Вей Фенҳе АҚШни оролнинг мустақиллигини қўллаб-қувватлаётганликда айблаб, америкаликларни «Тайван билан муносабатлар бўйича берган ваъдасини бузмоқда» ва Хитой ишларига «аралашяпти» дея баёнот берди.

«Менга тушунтиришга рухсат беринг: агар кимдир Хитойни эмас Тайванни танлашга журъат этса, биз шубҳасиз у билан жанг қиламиз. Биз ҳар қандай нарх эвазига ва охиригача курашамиз. Бу Хитой учун ягона танлов» — дея нутқ сўзлаган Фенҳе Сингапурда бўлиб ўтган Шангри-Ла Диалогуэ Осиё хавфсизлик саммитида.

АҚШ ва Хитой муносабатларининг бундай кескинлашуви мутахассислар томонидан турлича баҳоланмоқда.

Вей Фенҳе

Вей Фенҳе
Фото: Getty Images

АҚШдаги Бакнелл университетининг сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар бўйича профессори Зи Жун Зу «АҚШ ва Хитой ўртасидаги уруш таҳдиди қанчалик ҳақиқат ва у қайси кўринишда: тўғридан-тўғри ёки гибрид шаклда юз беради?» саволига жавоб берди:

«АҚШ ва Хитой ўртасида тўғридан-тўғри уруш эҳтимоли унчалик катта эмас, аммо воқеаларнинг бундай ривожини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Хитойнинг миллатнинг қайта туғилиши ҳақидаги орзуси Тайван билан бирлашишни ўз ичига олади. Бироқ, Тайванда Хитой билан бирлашишга қизиқувчилар кам. Аксинча, десинозизация (хитойлик бўлмаган жамиятларнинг хитой маданияти, хусусан, Хитойнинг энг йирик этник гуруҳи бўлган хан халқининг маданияти, тили, ижтимоий меъёрлари ва этник ўзига хослиги таъсири остида ўтиши жараёнидир — оддийроқ айтганда хитойлаштириш) руҳида тарбияланган Тайваннинг кўпчилик аҳолиси бугунги кунда ўзларини хитойлик эмас, тайванлик деб ҳисоблайди.

Икки қарама-қарши кучни яраштириш имконсиздек. АҚШ нафақат ўзининг ички қонуни, балки Тайван билан муносабатлари тўғрисидаги қонун доирасида ҳам Тайванни ҳимоя қилишга ёрдам беришга мажбур, бундан ташқари Қўшма Штатлар Хитой билан глобал рақобатда ҳам олиб бормоқда. Тайван бўғозидаги можаро АҚШ ва Хитой ўртасида деярли тўғридан-тўғри ҳарбий қарама-қаршиликка олиб келиши аниқ».

Рус шарқшуноси, Хитой цивилизациясининг маънавий-маданий анъаналари ҳамда ШҲТ мамлакатларидаги замонавий ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар бўйича мутахассис. Тарих фанлари доктори, профессор Алексей Маслов ҳам бу борада ўз фикрларни билдириб ўтган:

«Хитой ва АҚШ ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув содир бўлиши мумкин.

Хитой ва Тайван ўртасидаги можаро провокация содир бўлган тақдирда, масалан, Тайван ёки Хитой кемалари ўзаро тўқнашганда ёки ўққа тутилганда ҳарбий инқирозга айланиши мумкин.

Алексей Маслов

Алексей Маслов
Фото: ПНП

Иккинчи вазиятда эса худди шундай воқеа ҳавода содир бўлиши мумкин. Можаро кучайишининг яна бир шарти Тайван Хитойга қарши агрессив режаларини эълон қилганда бўлади.

Учинчи вариант, агар Қўшма Штатлар Тайванни ўзининг кенгайтирилган қуролли кучларини яратишга ундаса, бу Хитой хавфсизлигига янада кўпроқ таҳдид солади. Энг муҳим савол шундаки, Хитой ҳозир можаронинг қизғин босқичи эканлигини яхши тушунади, Тайванга қилинган ҳар қандай ҳужум Хитойнинг ривожланиш концепциясини бутунлай ўзгартириб юборади. Ҳозирда ХХР тинчликсевар давлат сифатида ҳаракат қилмоқда ва барчани ҳамма нарсани тинч ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақиряпти. Бу Хитойнинг асосий сиёсий формуласи. Биринчи ўқ отилиши биланоқ Хитой сиёсий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйгани дарҳол аён бўлади. Савол шундаки, улар ҳозир бунга қанчалик тайёр?».

Ричард Ҳасс. АҚШлик дипломат. 2003 йил июлидан буён Ташқи алоқалар бўйича кенгаш президенти бўлиб, бунга қадар АҚШ Давлат департаментининг сиёсатни режалаштириш бўйича директори ва Жорж Буш маъмуриятида Давлат котиби Колин Пауэллнинг яқин маслаҳатчиси бўлган.

«Менинг ўйлашимча, биз (АҚШ) ўзимизни алдаяпмиз.

Агар АҚШ Хитойга Тайванни эгаллашга рухсат берса ва жавоб ҳаракати амалга оширмаса, Япония, Австралия, Ҳиндистон ҳамда дунёнинг шу қисмидаги барча бошқа давлатлар, жумладан, Жанубий Корея АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқади. Бу эса Хитойга қўшниларига босим ўтказиш учун улкан географик ва стратегик афзалликлар беради».

Тайван аҳолисининг Хитойга қарши намойишлари

Тайван аҳолисининг Хитойга қарши намойишлари
Фото: BBC

Кўпгина экспертлар тўғридан-тўғри тўқнашув эҳтимоли паст эканлиги айтаётган бўлса-да, бунинг юз беришини истисно қилмаётганлари анчагина. Ҳозирги вазият ва АҚШнинг Украинада бандлигини ҳисобга олган ҳолда ХХР ҳукуматининг қатъий ҳаракат қилиши эҳтимоли юқори баҳоланмоқда. Бироқ ХХР раиси Си Сзинпин Тайван Хитойга тинч йўл билан қўшилишига ваъда берган.

Дунёдаги бу икки суперкучли, ядровий давлатнинг тўқнашуви шубҳасиз дунё учун жуда аянчли оқибатларга олиб келиши аниқ. Бироқ АҚШ раҳбарияти ҳам, ХХР ҳукумати ҳам буни анча яхши тушуниб турибди ва дипломатик муносабатларни ҳозирча тўхтатгани йўқ.

Муаллиф: Муҳаммадқодир Собиров

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди