Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Конституциявий ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятни қизиқтирмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис палаталари кенгашларининг навбатдаги қўшма мажлисида Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов маълум қилди.

Фото: Globe News

Фото: Globe News
«Мен хориждаги кўзга кўринган арбоблардан иккитасининг фикрини айтмоқчи эдим. Биринчиси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида ўтказилаётганини, бу борада мамлакатни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси узоқ муддатли миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учрашув бўлди. Мулоқот давомида хорижий делегация аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдиришди», — дейди Акмал Саидов.

Унинг сўзларига кўра, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси иккита таклифни илгари сурмоқда.

Биринчиси, президентлик ёки депутатликка номзодларни кўрсатишда қўйилган талаблар — республика ҳудудида муайян муддат яшагани ҳамда тил билишига оид талабларни олиб ташлаш (бу чеклов экани айтилмоқда).

Иккинчиси, муомала лаёқати чекланганларга, яъни ақли норасоларга ҳам сайлаш ҳуқуқини бериш.

«Биз кейинги муҳокамаларимизда бу таклифларга ҳам эътибор берсак, жуда яхши бўларди», — дейди Конституциявий комиссия раиси.

Аввалроқ Акмал Саидов аҳолининг жабрланган тоифаси ўлим жазосини тиклаш тарафдори эканини айтиб, конституциянинг 24-моддасига «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади», деган жумлани қўшиш таклифини билдирганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар