Қарши шаҳрида такси ойнасидан оёқларини чиқариб кетаётган аёл ЙПХ ходимларининг талабига бўйсунмай, уларни ҳақорат қилди, деб хабар беради «Насаф ТВ».
Маълум қилинишича, Қарши шаҳрида олиб борилган рейд тадбирлари давомида таксичилик билан шуғулланувчи Nexia автомобили тўхтатилган. Ҳайдовчи билан мулоқотга киришилганда, машинада йўловчи сифатида кетаётган аёл вазиятга аралашиб, мунозарали ҳолатни келтириб чиқаради.
Узоқ тортишувлардан сўнг, аёл тиббий текширувларга таклиф этилган, бироқ аёл ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатган ва уларни ҳақорат қилишга тушган.
Тиббий текширув жараёнида аёлнинг мастлиги аниқланиб, жамиятда юриш қоидаларини бузгани юзасидан маъмурий иш очилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида кўриб чиқилган ишда аёл қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, вояга етмаган фарзанди борлиги сабаб қонуний енгиллик сўраган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-модда (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан БҲМнинг 5 баравари (1,5 миллион сўм) миқдорида жарима тайинланган.
Бундан олдин Сирдарёда машина ойнасидан оёғини чиқариб ҳаракатланган ҳайдовчи жазолангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)