Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Дунёда содир бўлаётган юракни эзадиган воқеалар туфайли одамлар янгиликлар билан қизиқмай қўйди, деб ёзади BBC News Британиянинг Reuters Institute тадқиқот гуруҳига таяниб.

Фото: iStock

Фото: iStock

46 та мамлакатда 93 минг иштирокчи ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, янгиликларни ўқишдан фаол воз кечаётганлар улуши 2017 йилдаги 29 фоиздан 38 фоизгача кўпайган.

Баъзи мамлакатларда, шу жумладан, Бразилия (54%) ва Буюк Британияда (46%) ушбу кўрсаткич икки марта ошган.

Хусусан, ёшлар фикрича, янгиликлар уларни хафа қилади, аммо қизиқиш пасайишининг асосий сабаби уларнинг тез-тез такрорланишидадир.

«Мен ўзимда хавотир уйғотадиган ва кун давомидаги кайфиятимга ёмон таъсир қиладиган нарсалардан узоқ юришга ҳаракат қиламан, — деди сўров иштирокчиларидан бири, 27 ёшли британиялик йигит. — Ўлимлар ва ҳалокатлар ҳақидаги янгиликларни ўқимасликка интиламан».

Бошқаларнинг айтишича, янгиликлар баҳсларни келтириб чиқаради, улар эса баҳсларга аралашишни истамайди. Айримларда эса янгиликлар ожизлик ҳиссини уйғотади, кўпчилик ёшлар эса янгиликларни тушунишга қийналишини айтиб шикоят қилган.

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи Ник Ньюманнинг айтишича, олинган натижалар «янгиликлар саноати учун айниқса кўнгилсиздир». «Журналистлар энг муҳим деб ҳисоблайдиган сиёсий инқирозлар, халқаро зиддиятлар ва глобал пандемиялар кабилар айнан баъзи одамларнинг ихлосини қайтарадиган мавзулардир», — дея аниқлик киритди у.

Тадқиқот ўтказилган мамлакатларнинг ярмида ОАВга ишонч пасайган бўлса, бор-йўғи еттитасида ошган. Умумий ҳисобда ишонч даражаси 42 фоизни ташкил қилди.

АҚШда ишончнинг энг паст даражаси қайд этилди — 26%, бу Словакиядаги кўрсаткич билан тенгдир.

Муаммони чуқурлаштираётган нарса шуки, ёшлар анъанавий ОАВлардан тобора кўпроқ узоқлашиб бормоқда: 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган респондентларнинг 15 фоизи янгиликларнинг асосий манбаи сифатида TikTok’дан фойдаланишини маълум қилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар