Владимир Зеленский Украина Қуролли кучларининг Донбасс ва Запорожьедаги позицияларига ташриф буюрди. Сафар ҳисоботи 6 июнга ўтар кечаси Украина президентининг Telegram-каналида эълон қилинди.
Зеленский фронтда ҳарбийлар билан суҳбатлашган, оператив вазият ҳақидаги маълумотларни тинглаган, шунингдек, уларга давлат мукофотларини топширган.
«Мен Лисичанск ва Соледарда бўлдим. Учрашганларим, қўл бериб кўришган ва суҳбатлашган инсонларим билан фахрланаман. Ҳарбийларга баъзи нарсаларни олиб келдик. Бу ҳақда батафсил гапирмайман. Улардан баъзи нарсаларни олиб келдик. Бу муҳим. Улардан ишонч, куч олиб келдик», — деди Зеленский эълон қилинган видеода.
Лисичанск Северодонецк билан чамбарчас боғланган, ҳозирда шаҳар қисман рус ҳарбийлари томонидан эгаллаб олинган.
Май охирида Зеленский Харьков вилоятидаги украиналик ҳарбийларнинг олдинги позицияларига ташриф буюрган эди. Бу Украина президентининг уруш бошланганидан бери Киев вилоятидан ташқарига биринчи расмий сафари бўлди.
5 май куни эса у Украина армиясининг Донбассдаги кунлик йўқотишларини баҳолади.
«Украина шарқидаги вазият жуда оғир. Ҳар куни жангларда 60 дан 100 нафаргача аскарларимизни йўқотяпмиз, 500 нафар атрофидаги одамларимиз яраланмоқда. Биз мудофаа чегараларини ушлаб турибмиз», — деди Зеленский.
Изоҳ (0)