Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Украина қуролли кучлари сафида Беларусь фуқароларидан иборат бир неча баталон борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина томонида жанг қилаётган беларусликларнинг умумий сони 1,5 минг кишини ташкил қилади.
«Уруш бошланганда, Беларусдаги кўпчилик аҳоли украиналикларга ёрдам бериш керак деб ўйлади, шунинг учун батальон ташкил этилди. Ҳозир улар 1500 кишидан иборат. Аслини олганда, битта эмас: улар Украина армияси бошчилигида турли шаҳарларга бўлинган», — деди Тихановская Италиянинг Corriere della Sera газетасига берган интервьюсида.
Светлана Тихановскаянинг қўшимча қилишича, беларусликларнинг яна бир қисми Украина Қуролли кучлари сафига қўшилиш учун бошқа мамлакатларда тайёргарлик ўтамоқда. Сиёсатчи уларнинг сони ва жойлашувини ошкор эта олмаслигини айтди. «Уларнинг аксарияти ҳарбий амалиётларда қатнашиш тажрибасига эга бўлмагани учун тайёргарликка муҳтож одамлардир», — деди у.
Уруш бошида Украина ҳукумати халқаро ҳудудий мудофаа легионини тузган эди, унга бошқа мамлакатлардан кўнгиллилар қўшилиши мумкин. 7 март куни Украина Мудофаа вазирлиги легионда 20 минг киши борлиги ҳақида хабар берган.
Изоҳ (0)