Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Қадимги даврларда фақат диний мақсадлар йўлида хизмат қилган хушбўй ифорлар бугунги кунга келиб ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Аксарият юртдошларимиз парфюмерия воситаларидан кенг фойдаланади. Бироқ барча ҳам атирларни самарали ишлатиш бўйича етарлича маълумотга эга эмас.  

Аромастилист Дилшод Ҳожиқурбонов бу борада ўз тавсиялари билан бўлишди. 

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Атирларни қаерга сепган маъқул? 

Одатда атирлар билакдаги пулс аниқланадиган нуқталарга, бўйин, кўкрак, ияк ости, тирсакка сепилади. Қизлар сочининг учига ёки тароғига пуркаб ёки тиззанинг орқа тарафига сепиш керак дейишади. Ўзингиз учун сепсангиз бўладику-я, лекин мен маслаҳат бермайман. Чунки оёқдан юқоригача ҳид «чиқмайди».

Менинг тавсиям – оилали инсонлар елка қисмларига ҳам сепса, жуфти ёнига келганида ўзидан ёқимли ифор таралиб туради.

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Атирни қанча масофадан сепиш керак?

Ҳар бир атирнинг пуркаш масофаси турлича. Қайсидирининг сачраши майин бўлади, қайсинидириники эса кучли. Фикримча, атирни ўртача 5-10 см узоқликда тутиб сепиш керак.

Ёзда кучли атирлардан фойдаланилаётганда уни дастлаб ҳавога сепиб, ичига кирган маъқул. Шунда ўткир ҳид унчалик билинмайди.

Парфюмларни ювингандан сўнг ёки қуруқ тоза терига сепиш тавсия этилади. Яна бир маълумот: сепгандан сўнг артмаслик керак, йўқса муаттар уйғунлик йўқолади.

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Танага сепган маъқулми ёки кийимга?

Мен кўпроқ кийимга сепишни тавсия қиламан, чунки либосларда ифор узоқ сақланади. Айниқса, қишки кийимларда. Афсуски, ёзги, аниқроғи, юпқа кийимларда бундай деб айтолмайман. Сабаби ёзги кийимлар тез қуригани каби, атир ифори ҳам тез парланади.

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Атирнинг яроқлилик муддати қанча?

Одатда атир қутиларида яроқлилик муддати ёзиб қўйилади. Аксарият парфюмларда ўртача очилганидан бошлаб 3-5 йилни ташкил қилади. Лекин бунга жиддий қарамаслик керак. барча атирларнинг таркибида спирт бор ва бу маҳсулотнинг узоқ муддат туришини кафолатлайди. Унда нимага бундай яроқлилик муддатлари ёзилади, деган савол туғилиши мумкин.

Чунки бу ғоя маркетологлар томонидан мижозлар маҳсулотни тезроқ ишлатиш, тугатиши учун ўйлаб топилган. Қолаверса, ҳар бир ишлаб чиқарувчи компания ўз давлати талабларидан келиб чиқиб, маҳсулотларга аниқ муддатларни ёзиб қўяди.

Бироқ атирларни узоқ муддат хизмат қилишини истасангиз, уни сақлашга эътиборли бўлинг.

Кўпчилик аёллар атирларини ювиниш хонасига қўяди. эркаклар эса машиналарига. Аммо унга асло қуёш нурлари тик тушмаслиги керак, шунингдек, ўзгарувчан ҳарорат ва намлик атир ифорига салбий таъсир кўрсатади.

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: Дарё / Дилруҳ Исомиддинова

Бир флакон атир қанчага етади?

100 мл атирни 1000-1500 марта сепиш мумкин. Бу 14-16 ой ишлатиш мумкин деганидир. 50 мл атир ўртача 735 марта сепилади. Бу шишача 7-8 ой давомида сиздан ёқимли ифор таратишга ҳисса қўшади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар